Ижтимоий ҳимоя тизимини янада мустаҳкамлаш юзасидан чора-тадбирлар олиб борилмоқда

08.06.2020

Жорий йилнинг 5 июнь куни Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояни мустаҳкамлаш бўйича БМТнинг қўшма дастурини амалга ошириш доирасида биринчи видеоконференцалоқа шаклида учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда  Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги  вакиллари иштирок этишди. Учрашувда халқаро ҳамжамиятдан UNICEF, ХМТ ва БМТ Тараққиёт дастури вакиллари қатнашди.

photo_2020-06-08_11-41-53

2020–2022 йилларга мўлжалланган ижтимоий ҳимояни мустаҳкамлаш қўшма дастури Барқаро ривожланиш мақсадлари бирлашган фонди томонидан молиялаштирилмоқда. Дастур Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизими самараси ва таъсирчанлигини ошириш, инклюзив иқтисодий ўсишни ривожлантириш мақсадида аҳолининг заиф гуруҳини ҳимоя қилиш соҳасида энг яхши жаҳон тажрибаларини жорий этиш, камбағалликни камайтириш ва инсон капиталини ривожлантиришга йўналтирилган.

Дастур доирасида манфаатдор томонлар билан ҳамкорлик асосида ва аҳолини жалб этган ҳолда Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегиясини ишлаб чиқиш, аҳолига ижтимоий ҳимояни тақдим этишда идоралараро самарали муносабатлар механизмини яратиш, шунингдек, жисмоний имконияти чекланланлар учун ҳар томонлама ижтимоий ҳимояни тақдим қилишда инновацион ёндашувларни жорий этиш режалаштирилмоқда.

photo_2020-06-08_11-41-54

Учрашув давомида Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ўринбосари Н.Якубов ижтимоий ҳимоя стратегиясини ишлаб чиқишда ХМТ кўмагида Вазирлик томонидан ишлаб чиқилаётган Ўзбекистон бандлик миллий стратегияси доирасида режалаштирилаётган ижтимоий сиёсатни амалга ошириш бўйича фаол чора-тадбирларни инобатга олиш мақсадга мувофиқ бўлишига алоҳида эътибор қаратди.

Бундан ташқари, Н.Якубов айни вақтда янги таҳрирдаги «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонун ва янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси лойиҳалари тасдиқланиш босқичида турганлигини таъкидлади. Меҳнат қонунчилигининг кўрсатилган нормалари меҳнат ва унинг амалга ошиш механизмлари соҳасидаги асосий принцип ва ҳуқуқларни ҳисобга олган ҳолда янгиланган.

photo_2020-06-08_11-41-54 (2)

Ушбу амалий учрашув – ижтимоий ҳимоя тизимини ислоҳ қилиш доирасида миллий шериклар ва БМТ Агентликлари ўртасидаги кўп томонлама муҳокамаларнинг дастлабкиси. Кейинги диалог тематик ишчи гуруҳ ва кичик гуруҳларни тузиш ҳақида иштирокчиларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда давом этади.