«Hyundai Samho» Кемасозлик комплексида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ҳамюртларимиз билан учрашув ўтказилди

25.06.2021

Корея Республикаси Мокпо шаҳрида жойлашган «Hyundai Samho» кемасозлик комплексида 265 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари вақтинчалик меҳнат шартномалари асосида фаолият юритиб келмоқда. Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ушбу комплексда жами 10 мингдан зиёд ишчилар меҳнат фаолиятини олиб боради. Шундан қарийб 1,1 минг нафарини хорижлик ишчилар ташкил этади.

Дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов ушбу комплекс раҳбарияти билан учрашди. Унда комплекс раҳбарияти томонидан ўзбекистонлик ишчилар тўғрисида илиқ фикрлар билдирилди.

Ўз ўрнида, Н.Хусанов комплекс раҳбариятига хорижлик ишчиларга яратилган қулайлик ва шароитлар учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон меҳнат салоҳияти ҳақида сўзлаб берди.

Шундан сўнг, мазкур комплексда фаолият юритаётган Ўзбекистон фуқаролари билан суҳбатга киришилди. Уларга Н.Хусанов бошчилигидаги делегация ташрифидан кўзланган мақсад ва вазифалар таништирилди. Сўнгра, фуқароларни қизиқтирган саволларга тегишли мутасаддилар томонидан тушунчалар берилди.