Ижтимоий тармоқларда “Ҳуқуқи кафолатланмаган курьерлар: Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш соҳасида қандай бўшлиқлар қолмоқда” мазмунидаги хабарлар мунозараларга сабаб бўляпти

12.04.2023

РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Ижтимоий тармоқларда “Ҳуқуқи кафолатланмаган курьерлар: Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш соҳасида қандай бўшлиқлар қолмоқда” мазмунидаги хабарлар (https://uz24.uz/uz/articles/yandex-eats) мунозараларга сабаб бўляпти.

         Мазкур хабар юзасидан Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиш ўтказилди.

         Ўрганиш давомида республикамизда YANDEX EATS фаолияти бўйича хизмат кўрсатишни “YANDEX EATS” хусусий корхонаси МЧЖ томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (https://lex.uz/docs/111189)  27-боби талабидан келиб чиқиб, “YANDEX EATS” ХК МЧЖ ўз хизматларини фуқаролик ҳуқуқий муносабатга киришган ҳамкорлари, яъни тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи юридик ёки жисмоний шахслар орқали озиқ-овқат маҳсулотларини буюртмачиларга етказади.

Мазкур МЧЖ орқали буюртма қилинган озиқ-овқат маҳсулотларини ҳамкорлик ўрнатилган тадбиркорлик субъектларининг (ушбу тадбиркорлик субъектларидан жўнатмани қабул қиладиган ва буюртмачига топширадиган) ходими ҳамкор ташкилотлар билан шартномага эга бўлган фуқаролар етказиб беради.

         Юқоридагиларга асосан, YANDEX EATS ва курьерлар ўртасида тўғридан-тўғри муносабат ва келишув мавжуд эмас.

Курьерлар, “YANDEX EATS” ХК МЧЖ билан фуқаролик ҳуқуқий муносабатга киришган ҳамкорлари, яъни тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи юридик ёки жисмоний шахслар билан тузилган шартнома ва келишувлар асосида фаолият олиб боради.

Кўрсатган хизмати учун тегишли ҳақ ушбу ташкилотлар томонидан тўлаб берилади.

Эслатиб ўтамиз! Ўзбекистон Республикасининг Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 11-моддасига (https://lex.uz/uz/pdfs/6257288)  мувофиқ ходим билан иш берувчи ўртасидаги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ҳақиқатда тартибга соладиган фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномалар тузиш тақиқланади.

Шунга асосан, “YANDEX EATS” ХК МЧЖ билан фуқаролик ҳуқуқий муносабатга киришган ҳамкорлари, яъни тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи юридик ёки жисмоний шахсларга курьерларни меҳнат шартномаси асосида ишга қабул қилиш тавсия этилади.

Фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартнома асосида иш бажараётган шахслар давлат томонидан ходимларга нисбатан бериладиган ҳуқуқлардан фойдалана олмайди.

Хусусан, мазкур шартнома асосида ишлаган фуқаролар ишсизликдан ҳимояланиш, лавозимига қараб ойлик иш ҳақининг ўсувчанлиги, йиллик асосий ва қўшимча таътиллар берилмаслиги ҳамда, энг асосийси, қариганда давлат пенсия таъминоти олиш ҳуқуқини берувчи иш стажи юритилмаслиги ва бошқа кафолатланган имтиёзлардан фойдалана олмаслигини инобатга олиш лозим.