Хитойлик амалиётчи олимлар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида маслаҳатчи бўлиб фаолият юритишади.

24.02.2023

Хитойлик амалиётчи олимлар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида маслаҳатчи бўлиб фаолият юритишади.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар доирасида камбағалликни бартараф этиш, кам таъминланган оилалар сонининг кўпайишига йўл қўймасликнинг самарали механизмларини яратиш масалаларини ҳал етиш устувор вазифа етиб белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, Хитой камбағалли устидан тўлиқ ғалаба қозонганлиги ҳақида эълон қилган биринчи мамлакат саналади.

Бундай юксак самара жаҳон ҳамжамиятининг эътиборидан четда қолмади ва БМТ ҳамда қатор халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилди.

Икки давлат ўртасида жадал ривожланаётган стратегик шериклик Хитойнинг бу борадаги илғор тажрибасини ўрганиш учун кенг имкониятлар беради.
Камбағалликга қарши курашда Хитой тажрибасини ўрганиш ва жорий этиш бўйича ҳамкорликда тадбирлар ўтказиш юзасидан икки давлат раҳбарлари ўртасида келишувга эришилгани бунинг ёрқин далилидир.
Мазкур келишувни амалда татбиқ этиш мақсадида Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси кўмагида хитойлик олимлар Чжан Ци ва Ван СяоЛиннинг мамлакатимизга ташрифи ташкил етилди.



Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувда ҳамкорликдаги ишларнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
— Ўзбекистон ҳукумати камбағалликни камайтиришга қанчалик катта эътибор қаратаётганини қисқа вақт ичида ҳис қилдик ва биз белгиланган мақсадларга эришишда ёрдам беришга тайёрмиз, — деб таъкидлади Пекин педагогика университетининг Иқтисодиёт ва ресурсларни бошқариш институти профессори Чжан Ци 
Дастлабки босқичда мутахассислар ҳудудларга сафар қилиб, соҳадаги ишларнинг бугунги ҳолатини ўрганади. Таҳлил натижаларига кўра камбағалликни аниқлашнинг молиявий ва номолиявий мезонларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.


Кейинчалик, илмий ёндашув асосида камбағалликдан  чиқиш бўйича мақсадли дастурлар ишлаб чиқилиб, улар вилоятлар, туманлар ва маҳаллалар миқёсида амалга оширилади.
Шунингдек, ушбу дастурларнинг самарадорлигини мониторинг қилиш механизмини жорий етиш назарда тутилган.
Ўқув дастурларини қайта кўриб чиқиш орқали касб-ҳунар таълими тизимини ўзгартиришга алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу чора кадрлар тайёрлаш борасида ички ва ташқи меҳнат бозорида талабга эга бўлган замонавий билим ва кўникмаларни шакллантириш имконини беради.