Ҳашар – элга ярашар  

13.03.2021

Обод юртнинг файзи, таровати ўзгача бўлади. Зотан, озодалик, поклик, саранжом ва саришталик юртимизнинг янада кўркам бўлишига замин яратади. Бунда халқимизнинг йиллар давомида шаклланган эзгу қадрияти – ҳашар муҳим ўрин тутади. Бугун бутун мамлакатимиз бўйлаб умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилмоқда.  

Халқимизнинг севимли байрами Наврўз айёмига бағишланган ушбу умумхалқ хайрия ҳашари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 мартдаги қарори асосида ўтказилмоқда. Қарорда айтилишича, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, бир қатор вазирлик ва идоралар, жамоат тузилмаларининг 13 март куни Наврўз умумхалқ байрамига бағишлаб "Обод ва кўркам маҳаллам" ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш бўйича таклифи маъқулланди.

Мазкур хайрия ҳашарини ўтказишда маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли бинолар ва ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонларни ҳамда болалар майдончаларини тартибга келтирилиши ҳамда «Маҳалламга 30 туп дарахт менинг туҳфам» шиори остида барча турар жой мавзелари ва маҳаллаларда гул кўчатлари, мевали ва манзарали дарахтлар экиш, дарахтларни оқлаш ва  буташ ишлари амалга оширилиши алоҳида аҳамият касб этади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги марказий аппарати, вилоят, шаҳар, туман Бандлик бошқармалари ҳамда тасарруфий ташкилотларда фаолият кўрсатувчи раҳбар ва ходимлар ўз ихтиёрлари билан ушбу хайрия ҳашарида фаол иштирок этдилар.

Вазирлик ходимлари ҳашарни бино атрофига гул кўчатлари ва манзарали дарахт кўчатлари экиш билан бошлади. Атроф супуриб-сидирилди, чанг ғуборлардан тозаланди, дарахтлар оқланди.

Меҳнат қонунчилигига асосан, умумхалқ ҳашари доирасида бўлмаган бошқа турдаги жамоат ишлари, жумладан, қурилиш-таъмирлаш ва қишлоқ хўжалиги ишларига мажбурий жалб этишга қатъий йўл қўйилмайди.

Шунингдек, автомобиль йўллари, ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчалар, сув объектлари, қирғоқбўйи ҳудудлар ва зоналар, қурилиш майдонлари, бино ва иншоотлар томлари, хавфли ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, инсонларнинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғилиши юзага келиши мумкин бўлган бошқа жойларда ихтиёрий ташаббус билан ҳашарлар ва бошқа ишларни ўтказиш тақиқлангани қатьий назоратга олинади.

Ушбу тарғибот-ташвиқот тадбирларида жойларда иш берувчилар томонидан ҳашарда кўзда тутилган ишлар учун ишчиларни мажбурий тарзда жалб этишга мутлақо йўл қўйилмайди, акс ҳолда мутасаддиларга нисбатан жазо чоралари қўлланади.

Юртнинг обод бўлишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишни инсоний бурчи деб билган вазирлик ходимлари айни дамда ҳашарни маҳалларда давом эттирмоқдалар. Бугун чиндан ҳам ҳашар озодалик, саранжомлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлигимиз рамзи эканини яна бир карра намоён этмоқда.