Гендер тенгликка эришиш стратегияси – мазмун ва моҳият

04.06.2021

                 Гендер тенгликка эришиш стратегияси – мазмун ва моҳият

 Жорий йилнинг 4 июнь санасида Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси М.Қодирхонова бошчилигида Вазирлик марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалар ходимлари ўртасида видеоконференцалоқа шаклида  "Гендер тенгликка эришиш стратегияси -мазмун ва моҳият” мавзусида ўқув соати бўлиб ўтди.

Тадбирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири биринчи ўринбосари Э.Муҳиддинов ҳам иштирок этиб, Вазирлик марказий аппарати ходимлари таркиби гендер тенглиги тамойилига асосланиб ташкил қилинганлиги ва шунга ҳудудий бошқармалар раҳбарлари ҳам амал қилишларига даъват қилди.

М.Қодирхонова Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган Ўзбекистон Республикасида 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси тўғрисида қуйидагиларга тўхталиб ўтди:

“Мамлакатимизда сўнгги йилларда Гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳага оид 25 та қонун ҳужжати қабул қилинди.

Ўзбекистон тарихида илк маротаба миллий парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди.

Сиёсий партиялардаги хотин-қизлар улуши 44 фоизга, олий таълим соҳасида 40 фоизга, тадбиркорликда 35 фоизга етди, хотин-қизлар ахборот-коммуникация, инновация, энергетика, мухандислик соҳаларига кенг жалб этилмоқда.

Бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизга етди. 81 та вазирлик ва идорада илғор ва билимли аёллардан иборат 15 минг нафардан ортиқ кадрлар захираси шакллантирилди.

Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, улар билан манзилли ишлаш мақсадида “Аёллар дафтари” тизими жорий этилди.

Ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг ўқиш тўловларини қоплаб бериш тизими жорий этилди, олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сони икки бараварга ортди;

Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун 224 мингдан ортиқ хотин-қизга жами 6,9 трлн. сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди, уларга Халқ банки бириктирилди, 14 та ҳудудда Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази ташкил этилди.

Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш тизими тубдан қайта кўриб чиқилди. Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар халқаро рейтинглардаги мамлакатимиз ўрнига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Хусусан, Жаҳон банкининг Аёллар, бизнес ва қонун индексида Ўзбекистон 2020 йилда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича аҳамиятга молик ислоҳотларни амалга оширган 27 та давлат қаторига киритилди ва 5 поғонага юқорилаб, 190 та давлат орасидан 134-ўринни (2019 йилда 139-ўрин) эгаллади.

Ўзбекистон Республикасида 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг тегишли қоидалари асосида Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мамлакатнинг узоқ муддатли мақсадлари ва устуворликларига мувофиқ ишлаб чиқилганлиги билан аҳамиятлидир. Мазкур ҳужжат қарорлар қабул қилиш ва ижро этишнинг барча соҳаларида ҳамда даражаларида хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида тенглик тамойилини татбиқ этишга кенг қамровли ёндашувни назарда тутади.

 

Шунингдек, Стратегия эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ва имкониятларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароит яратиш ҳамда инсоннинг фундаментал ҳуқуқларига риоя қилиш мақсадида иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётда гендер тенглик тарғиб қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

Стратегияда барча учун тенг ҳуқуқли ва сифатли таълимли таъминлаш, қишлоқ жойларида қизларнинг олий маълумотга эга бўлиши, хотин-қизлар гендер тенглигига эришиш, зўравонликка йўл қўймаслик, одам савдосининг олдини олиш каби масалалар қамраб олинган.

Эътиборли жиҳатига шундан иборатки, мазкур стратегиядаги йўналишлар БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ ҳолда белгиланган.

Гендер тенгликка эришиш стратегияси асосан, узоқ истиқболдаги мақсадли вазифалардан келиб чиқиб, қатор устувор йўналишларда амалга оширилади. Давлат хизматида, ижтимоий-иқтисодий, оилавий муносабатлар ҳамда болалар тарбияси соҳасида, сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш шулар жумласидан. Шунингдек, стратегияда гендер тенгликни таъминлаш тадбирларини ҳисобга олган ҳолда давлат дастурларини бюджетлаштириш ва молиялаштириш ҳам кўзда тутилган”.

Тадбир сўнггида “ZOOM” платформаси орқали тадбир қатнашган иштирокчилар ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.