ФАРҒОНАДА РАҚАМЛИ ТАДБИРКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА БМТ ТАРАҚҚИЁТ ДАСТУРИ БИЛАН ҲАМКОРЛИКДА ТАШКИЛ ЭТИЛГАН МИНТАҚАВИЙ КОНФЕРЕНЦИЯ ЎЗ ИШИНИ БОШЛАДИ

10.10.2023

Бугун Фарғона шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида Фарғона водийсида рақамли тадбиркорликни ривожлантириш бўйича 2 кунлик минтақавий конференция ўз ишини бошлади. БМТ Тараққиёт дастурининг Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорликда амалга ошириётган лойиҳаси доирасида IT Park Uzbekistan билан биргаликда ташкил этилган конференцияга водий вилоятлари билан бирга Қирғизистон ва Тожикистоннинг водийга чегарадош ҳудудлари тадбиркорлари ҳам таклиф этилди.

Тадбир мақсади Фарғона водийсидаги Ай-Ти тадбиркорлари ҳамда хусусий сектор билан давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашиш, рақамли тадбиркорлик вакиллари билан биргаликда минтақада рақамли тадбиркорликни ривожлантиришнинг ҳозирги ҳолати, ривожланиш муаммолари ва мавжуд ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилиш ва янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдан иборат.

Минтақавий конференцияни очилиш қисмида вилоят ҳокимининг ўринбосари Иқболжон Эргашев сўз олиб, Ай-Ти соҳасининг бугунги кундаги аҳамияти катта эканлиги ҳақида тўхталди, айнан ушбу конференцияни Фарғонада ўтказилишининг сабаби ҳам Қўқон ва Марғилон шаҳарларида ташаббускор тадбиркорлар кўплиги, уларнинг интилишларини ҳисобга олиб, Ай-Ти тармоқлари орқали ҳамкорлик натижасида маҳсулотлар товар айланмаси ҳамда даромадларнинг ортиши ҳақида фикрларини билдирди. Конференция ишига муваффақият тилади.

Анжуман давомида “Фарғона водийсида рақамли тадбиркорликни ривожлантириш ҳолати”, “Рақамли тадбиркорликни ривожлантиришда давлат, тижорат ва нотижорат ташкилотларнинг ўрни ва вазифалари”, “Ахборот технологиялари йўналишидаги таълим” ва “Рақамли тадбиркорликни ривожлантиришдаги ҳамкорлик” каби мавзуларда тақдимотлар ўтказилади.

Шунингдек, Фарғона водийсида IT-бизнесменлар тармоғини яратиш ташаббуси ва “Рақамли Фарғона Водийси” концепциясини илгари суриш ҳам муҳокама қилинади. Ушбу тармоқ рақамли бизнес, давлат, тижорат ва нотижорат ташкилотларни соҳада бирлаштириб, Фарғона водийсида ҳамкорлик руҳини уйғотадиган фаолиятни йўлга қўйиши кутилмоқда.

Конференция иштирокчилари Марғилон шаҳридаги Рақамли технологиялар марказига ташриф буюриб, у ердаги шароитлар билан танишишлари ҳам режалаштирилган.

Минтақавий конференция эртага, 11 октябрь куни ҳам давом этади.