“Фарғонада «Ҳоким ёрдамчи»лигидан бошқа масала қолмаганми!”

10.12.2021

         Телеграм ижтимоий тармоғидаги “Bankir kundaligi” каналида “Фарғонада «Ҳоким ёрдамчи»лигидан бошқа масала қолмаганми!” сарлавҳаси остидаги мақола юзасидан Наманган вилояти Давлат меҳнат инспекцияси ходимлари томонидан ўрганиш ўтказилди.

         Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Фарғона вилоятида ўрганиш ўтказилганда, ҳақиқатда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари раҳбарлигида 2021 йил 01 декабрда ВКС (видеоконференция) орқали туман (шаҳар) ҳокимлари ва ҳудуддаги ташкилот раҳбарлари иштирокида “Ҳоким ёрдамчиси” лавозимига номзодларни танлаш ва саралаш масаласида соат 21:00да ҳеч қандай буйруқ расмийлаштирилмаган ҳолда йиғилиш ўтказилганлиги аниқланди.

         Ушбу ҳолат юзасидан, йиғилишда иштирок қилган ташкилот раҳбарлари билан суҳбат ўтказилиб тушунтириш хатлари олинди, улар ўз тушунтиришларида 2021 йил 01 декабрда соат 21:00 даги ВКС (видеоконференция)да ихтиёрий иштирок қилишганлигини билдиришди ҳамда йиғилиш 1 соат давом этганлигини маълум қилишди. Бу борада суҳбат давомида иштирок этган ташкилот раҳбарлари ва ходимларига тегишли тушунтиришлар берилди.

         Барчамизга маълумки, Меҳнат кодексининг 124-моддасига кўра, иш вақтидан ташқари ишларга ходимнинг розилиги билангина йўл қўйилиши мумкинлиги, 157-моддасига кўра, иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади.

         Бундан ташқари, мазкур кодекснинг 125-моддасига мувофиқ иш вақтидан ташқари ишнинг муддати ҳар бир ходим учун сурункасига икки кун давомида тўрт соатдан (меҳнат шароити оғир ва зарарли ишларда — бир кунда икки соатдан) ва йилига бир юз йигирма соатдан ортиқ бўлмаслиги лозим.

         Ўрганиш якуни билан, Фарғона вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Ў номига Мехнат кодексининг 157-моддаси асосида аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан, яъни ходимларни ишдан ташқари ишларга уларнинг розилиги асосида ҳамда иш вақтидан ташқари вақтда ишга жалб этилган ходимларга икки хисса миқдорида ҳақ тўлаб берилиши ёки мутаносиб равишда отгул берилиши юзасидан Ёзма кўрсатма киритилди.

         Шунингдек, қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш ва унга йўл қўймаслик борасида юқорида кўрсатилган қонун ҳужжатларини бузишда айбдор бўлган мансабдор шахсларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўриш тўғрисида Фарғона вилояти хокимлигига тақдимнома киритилди.