Фарғона водийсидаги аёллар бизнесини жадаллаштириш дастурининг “Намойишлар Куни”

14.03.2023

Мазкур тадбир бизнес акселерация дастурининг сўнгги босқичи бўлиб, дастурнинг якуний натижалари бўйича ўзига хос ҳисобот ҳамдир. Акселерация дастури 3 ойдан ортиқ вақт давомида Фарғона водийсининг Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида бўлиб ўтди ҳамда унда 85 нафар аёл-қизлар иштирок этди. Дастур доирасида иштирокчиларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган бир қатор тренинглар, семинарлар ва вебинарлар ташкил этилди.
Иштирокчилар ўз бизнесини ривожлантириш ва муваффақиятли бошқаришга ёрдам берадиган ўқув материалларидан фойдаланиш, маслаҳатлар олиш ва менторлик машғулотларида иштирок этиш имкониятига эга бўлдилар. Шунингдек, дастур иштирокчи тадбиркор аёллар ўртасида ҳамкорлик ва бизнесни ривожлантириш учун янги имкониятларни юзага келтирувчи алоқалар тармоғини яратишга ҳисса қўшди.

Акселерация дастури натижасида унинг иштирокчилари ўз бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқдилар ва уларни махсус тузилган танлов комиссиясига тақдим этдилар. Барча бизнес лойиҳалари баҳоланиб бўлгач, дастурининг 18 нафар энг яхши иштирокчиси танлаб олинди. Намойишлар кунида сараланган иштирокчилар тадбир меҳмонларига ўз бизнес лойиҳаларини тақдим этди ва ишлаб чиқарадиган маҳсулотлари кўргазмасини ўтказди.
Намойиш куни якунига кўра, дастурни муваффақиятли тамомлаган иштирокчилар орасидан сараланган18 нафар иштирокчига ўз бизнес фаолиятини яхшилаш ҳамда маҳсулот ва хизматлари сифатини ошириш имконини берувчи грант ускуналари топширилди.

Тадбирда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари Нозим Хусанов ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Ника Саидилар иштирок этди ва бундай дастурларнинг тадбиркор аёллар учун аҳамиятини эътироф этди.
“Аёлларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш Ўзбекистонда барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш ва аёлларнинг ижтимоий ҳимоясини такомиллаштиришнинг асосий омилидир. Бу турдаги қўллаб-қувватлаш барча учун тенг имкониятлар яратишга хизмат қилмоқда”, - деди Ника Саиди.

Дастур иштирокчилари ташкилотчилар ва устозларига ўз бизнесини ривожлантиришда кўрсатган ёрдамлари учун миннатдорчик билдирди. Шунингдек, грант ҳисобидан олинган ускуналар ўзларининг режаларини амалга ошириш ва бизнесини янги босқичга кўтаришда ёрдам беришини айтиб ўтди. Мазкур дастур орқали эришган барча билим ва имкониятларимни бизнесида муваффақиятга эришишда қўллашларини таъкидлади.
Фарғона водийсидаги аёллар тадбиркорлигини жадаллаштириш дастури Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда БМТТД томонидан тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бизнес ташаббусларида муваффақиятга эришишларида кўрсатилаётган кўмакнинг яна бир мисолдир.

Ушбу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг “Фарғона водийсида аҳоли кўникмаларини пандемиядан кейинги иқтисодиётга мослаштириш” қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилди.