Фарғона вилоятида ўтказилган сайёр қабул бўйича ахборот

09.07.2019

ЎзА ахборот агентлиги томонидан 2019 йил 1 июль куни эълон қилинган мақолада келтирилган маълумотларни ўрганиш юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг хизмат текширувини ўтказиш тўғрисидаги буйруғи қабул қилинди ва келтирилган ҳар бир ҳолат Ишчи гуруҳ томонидан жойига чиқиб, атрофлича ўрганилди.

Ўрганиш натижасида қуйидагилар аниқланди:

1. Муминова Зироатхон бўйича келтирилган маълумотлар ўз тасдиғини топмади (Маълумот учун – З.Муминованинг мурожаати, унинг турмуш ўртоғи Мўминов Олимжонни Қўқон шахар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази йўлланмаси орқали Ободонлаштириш бошқармасига 28.06.2019 йилдаги 65/1-сонли буйруқ асосида ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилганлиги билан ҳал этилган).

2. Мирзаматова Гулбаҳор бўйича келтирилган маълумотлар ўз тасдиғини топмади (Маълумот учун – Г.Мирзаматованинг мурожаати Олтиариқ туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан берилган йўлланма асосида Олтиариқ тумани Шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига 28.06.2019 йилдаги 135-сонли буйруқ асосида санитарка вазифасига ишга жойлаштирилганлиги билан ҳал қилинган).

3. Зарифа Холмуҳамедова ва Зиёда Шамсутдинова тўғрисидаги маълумотлар ўз тасдиғини топди (Маълумот учун – Марғилон шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг раҳбарияти масъул ходимлари томонидан кўзбўямачилик ҳолатига йўл қўйилган). Бу бевосита меҳнат органларининг масъулиятига дахлдор аянчли ҳолатдир.

4. Сайёр қабулни ташкил этиш ва ўтказишда кўзбўямачилик ва хатоликка йўл қўйган Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларининг масъул раҳбари ва ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексида белгиланган интизомий жазо чоралари қўлланилди. Келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мазкур масала Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг навбатдаги Ҳайъат йиғилиши кун тартиби муҳокамасига киритилди.

Маълумот ўрнида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг Фарғона вилоятида ташкил этган сайёр қабулида жами мурожаат этган 53 нафар фуқародан 37 нафарининг мурожаати ижобий ҳал этилган.

Хусусан, мурожаат қилган фуқароларнинг 22 нафари доимий ишга жойлаштирилган, 7 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилган, 5 нафарига ўз тадбиркорлигини бошлаш учун кредит олиш масаласида тавсиялар берилган (банк билан боғлиқ масалалар назоратга олинган), 1 нафар фуқарога шахсий томорқасида иссиқхона қуриш учун субсидия ажратишга ҳужжатлар расмийлаштирилган.

1 нафар фуқаро касбга йўналтирилган. Хусусий бандлик агентлиги фаолиятидан норози 1 нафар фуқаронинг тўлаган пуллари ундириб берилди.

2 нафар фуқаронинг мурожаати қалбакилаштирилганлиги учун асоссиз деб топилди.

Қолган 14 нафар фуқаронинг мурожаатларини ҳал қилиш, уларни ишга жойлаштириш масаласи юзасидан жойида масъул ходимларга тегишли топшириқлар берилган ва ижроси бўйича муддатлар белгиланган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари
вазирлиги матбуот хизмати