Фарғона шаҳридаги пилот “Карйера маркази”нинг очилиш маросими

14.03.2023

Ёшлар ва ишсиз аҳолини касбга йўналтириш бўйича фаолият самарадорлигини ошириш, уларга меҳнат бозори талабларини инобатга олган ҳолда билим ва кўникмаларни етказиш, эгаллаган касблари асосида бандлигига кўмаклашиш, шунингдек, тегишли идоравий ташкилотларнинг салоҳиятини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида Фарғона шаҳридаги “Ишга Марҳамат” мономарказида пилот лойиҳа тариқасида “Карйера маркази” ташкил этилди.



Маълумки, кўп ҳолларда муносиб касбни танлай олмаслик меҳнат бозори ҳақидаги умумий тушунчаларнинг етишмаслиги туфайи пайдо бўлади. Бунда иш излаётган номзод касбларни кенг доирада тадқиқ қилиш ва маълум бир касб учун зарур бўладиган малакалар бўйича аниқ тасаввурга эга бўлмаслиги мумкин. "Карйера маркази" ёшларга касб танлаш ва соҳани ўзгартириш жараёнида, уларни қизиқтирадиган касблар тўғрисида малумот бериш, уларнинг кўникма, эҳтиёж ҳамда истакларини баҳолаш орқали мос ҳунар топишларида кўмаклашишга мўлжалланган марказ ҳисобланади. Карйера марказларидаги мутахассислар билан муносиб касблар ҳақида муҳокамалар, олинган маслаҳат ва шакллантирилган хулосалар иш қидираётган номзодларнинг касб танлашда асосли қарор қабул қилишларига ёрдам беради.



Карйера марказини ташкил этиш бўйича ишлар  доирасида, унда ишлайдиган ходимларнинг касбга йўналтириш бўйича малакасини ошириш дастури ишлаб чиқилди ва Фарғона шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида хорижий мутахассислар томонидан 4 кунлик махсус тренинг ташкил этилди. Тренингда Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг Камбағалликни қисқартириш ва  бандлик бош бошқармалари ҳамда “Ишга маркҳамат” мономарказларидан келган 30 га яқин мутахассис иштирок этди.

Касбга йўналтириш бўйича “Карйера маркази”нинг очилиш маросимида Камбағалликни қисқартириш ва  бандлик вазирининг биринчи ўринбосари Нозим Хусанов, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Ника Саиди, шунингдек, Фарғона вилояти Камбағалликни қисқартириш ва  бандлик бош бошқармаси бошлиғи ва тренинг қатнашчилари ҳамда ташкилотчилари  иштирок этди.



Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва  бандлик вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг “Фарғона водийсида аҳоли кўникмаларини пандемиядан кейинги иқтисодиётга мослаштириш” қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.