Фарғона шаҳрида “Фарзандларни моддий таъминлаш – ота-онанинг Конститусиявий бурчидир” ғояси асосида тадбир ўтказилди

23.02.2022

Ажримларнинг олдини олиш, уларни яраштириш, ишсизлар бандлигига кўмаклашиш мақсадида Фарғона вилоят прокуратураси, вилоят Бандлик бош бошқармаси ҳамда масъул идоралар билан биргаликда “Фарзандларни моддий таъминлаш – ота-онанинг Конститусиявий бурчидир” ғояси асосида Фарғона шаҳрида тадбир ташкил қилинди.

Унда туман (шаҳар) ҳудудларидан келган 500 га яқин никоҳдан ажрашган ва ажрим ёқасида турган эр-хотинлар, алимент тўловчи қарздорлар ва бошқа даҳлдор фуқаролар қатнашди.

Тадбир доирасида “Бўш иш ўринлари” меҳнат ярмаркаси ҳам ўтказилиб, 21 та ташкилот ва муассасалар ўзларида мавжуд мингга яқин бўш иш ўринлари билан иштирок этди.

Натижада 126 нафар фуқаролар ишга жойлаштирилиб, алимент ундируви қарздорларнинг ойлик иш ҳақига қаратилди.

Учрашув сўнггида 12 та ижро ҳужжатлари бўйича 29,3 млн. сўм алимент пуллари ундирилишига, бу билан 23 нафар вояга етмаган фуқароларнинг ҳуқуқи тикланишига эришилди ва 46 нафар оилалар яраштирилди.

Бу каби тадбирлар ҳудудларда давом этмоқда.