Эслатма
12.03.2020
#ҳашар
Наврўз умумхалқ байрамини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни янада кучайтириш, маҳаллалар, аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида жорий йилнинг 14-15 март кунлари умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш ҳақида Ҳукумат фармойиши қабул қилинди.
Шу ўринда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги айни жараённи ўтказиш билан боғлиқ тартибни эслатиб ўтади:
а) Ҳашар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сон қарорига асосан ташкил этилади ва ўтказилади;
б) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фақат тегишли маҳалла ҳудудида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, болалар ва спорт майдонларини жиҳозлаш, моддий-маданий мерос объектларини зарур ҳолатда сақлаш, қабристонларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда зарур ҳолатда сақлаш ишларида аҳолининг ихтиёрий иштирок этишини ташкил этади.
Умумхалқ хашари қуйидаги тартибда ўтказилганда, мажбурий меҳнат ҳисобланмайди:
✅ фақат ихтиёрий тарзда;
✅ Президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ҳужжати бўлганда;
✅ фуқаро ишлайдиган ташкилот ҳудудида;
✅ меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик нормаларига риоя қилган ҳолда;
✅ ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, иш ўринларини тартибга келтириш мақсадида.
Қуйидаги ҳудудларда ихтиёрий равишда ҳам ҳашар ўтказиш тақиқланади:
❌ автомобиль йўлларида;
❌ ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчаларда;
❌ сув объектларида;
❌ қирғоқбўйи ҳудудлар ва зоналарда;
❌ қурилиш майдонларида;
❌ бино ва иншоотлар томларида;
❌ хавфли ишлаб чиқариш объектларида;
❌ инсонларнинг ҳаётига ва соғлиғига хавф туғилиши мумкин бўлган жойларда.