Сурхондарё вилоятида тадбиркорлик ташаббусларини бошлаш ва кенгайтириш учун ускуналар топширишнинг тантанали маросими бўлиб ўтди

28.04.2021

Бугун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва БМТ Тараққиёт Дастурининг "Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш" қўшма лойиҳаси доирасида Сурхондарё вилоятида беш нафар тадбиркорга иш ўринларни яратиш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларидан ёшлар ва аёлларни иш билан таъминлаш, замонавий касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорлик қобилиятларини ривожлантириш шарти асосида 177 млн сўмлик қурилмалар топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Н.Якубов, вилоят ҳокими ўринбосари Ф.Маманов, БММВ Иш билан таъминлаш Бош бошқармаси, Савдо-саноат палатаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва “Ёшлар-келажагимиз” жамғармаси ҳудудий бошқармаси вакиллари ҳамда қурилма олувчи тадборкорлар иштирок этди.

Россия Федерацияси ва Япония ҳукуматининг молиявий кўмагида тадбиркорларга беғараз ёрдам сифатида 57 дона ишлаб чиқариш ускуналари ва махсус жиҳозлар топширилди. Ушбу тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш натижасида Сурхондарё вилоятида аёллар ва ёшлар учун 36 та янги иш ўринлари, 18 нафар аёллар ва ёшларга замонавий касб-ҳунарларни ўрганиши ҳамда тадбиркорлик қобилиятларини ривожлантириш имконияти яратилади.

Таъкидлаш жоизки, тадбиркорлар беғараз ёрдам сифатида тақдим этилаётган қурилмаларни олиш учун махсус танлов асосида саралаб олиниб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш асослари, маркетинг, молиявий менежмент ва ижтимоий кўникмалар бўйича тўрт ҳафталик онлайн ўқув машғулотида ўқитилдилар.

Маълумот учун: Россия Федерацияси ҳукумати томонидан молиялаштирилаётган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва БМТ Тараққиёт Дастурининг "Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш" қўшма лойиҳаси доирасида ҳамда Япония ҳукуматининг молиявий кўмагида мамлакатимизнинг олтита ҳудудидаги 34 нафар тадбиркорлари (улардан 21 таси ёки 61,7 фоизи аёллар) умумий қиймати 1 176 940 669 сўмлик жами 323 дона замонавий тикув ва ИТ асбоб-ускуна, мебел ва жиҳозлар билан таъминланди.

Ушбу ташаббусларни амалга ошириш натижасида 187 та янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда, шулардан 132 таси (70% дан ортиғи) аёллар учун. 159 та аёллар ва ёшларга иш топиш ва даромад олиш имкониятларини кенгайтириш шароити яратилади.