“ДУОБА” ОБОД МАНЗИЛГА АЙЛАНДИ

11.12.2023

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев Сурхондарё вилояти Бойсун туманининг олис “Дуоба” маҳалласидаги ободонлаштириш ишлари билан танишди.

Бир неча ой аввал ҳудудда бошланган қурилиш-ободонлаштириш ишлари давомида 180 ўринли мактаб ва 80 ўринли мактаб филиали, 50 қатновга мўлжалланган шифокорлик пункти ҳамда маҳалла идораси биноси қурилиб, жиҳозланди.

Ҳудуддаги қабристон атрофи ўралиб, зиёратчилар учун шароитлар яратилди. 7 та сел-сув тошқинларидан зарар етган йўллар таъмирланиб, 47 км йўлга шағал ётқизилди.
2 та трансформатор пункти қурилиб, 1,6 км масофага кабель симлари тортилди.

Маҳалланинг Қайроқ ва Гуматак қишлоқларига ичимлик суви тармоғи тортилди. Ҳозирда Дуоба дарёси устидан ўтувчи янги кўприк бунёд этилмоқда.

8 декабрь – Конституция куни муносабати билан “Дуоба” маҳалласида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Вазир Беҳзод Мусаев байрам тадбирида сўзга чиқиб, бойсунликларни қўшалоқ айём билан қутлади.