ДОИМИЙ ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ МАҚСАДИДА СИРДАРЁ ВИЛОЯТИДА ЎТКАЗИЛАЁТГАН МЕҲНАТ ЯРМАРКАЛАРИНИНГ УЧИНЧИ КУНИ
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тасдиқланган баёнига мувофиқ “Сардоба” сув омбори тошқинидан талофат кўрган туманларнинг ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларини доимий иш билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири раҳбарлигидаги Республика Ишчи гуруҳи томонидан тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Республика Ишчи гуруҳи, Сирдарё вилоят ҳокимлиги, вилоят Прокуратураси ва тижорат банклари ҳамкорлигида 2020 йилнинг 4-5-6 ноябрь кунлари Мирзаобод, Сардоба ва Оқолтин туманларида “Ишга жойлаштириш ва тадбиркорликка жалб қилиш ярмаркаси” тадбири ташкил этилди.
Уч кун давомида ўтказилган тадбир ҳар сафарги ярмаркалардан фарқ қилган ҳолда янгича ёндашув асосида икки йўналишда ташкил этилди, биринчи йўналишда корхона, ташкилот ва муассасалар ўзларининг бўш (вакант) иш ўринлари билан иштирок этиб, банд бўлмаган фуқароларни ишга жойлаштириш бўлса, иккинчи йўналишда ўзига мақбул келадиган ишни топа олмаган ишсиз фуқароларга тадбиркорлик қилиш истагини амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан кредит ресурслари ҳамда таъминотчи корхоналар томонидан ускуналар, жиҳозлар ва минитехнологиялар кўргазмаси ташкил этилди.
Бундан ташқари “Сардоба” сув омбори тошқинидан талофат кўрган Мирзаобод, Сардоба ва Оқолтин туманлари аҳолисига айниқса, банд бўлмаган фуқароларга қулайликлар яратиш ва уларни доимий иш билан таъминлашга кўмаклашиш мақсадида 11 та Дамас автомашиналарда меҳнат органлари ва тижорат банкларидан масъул ходимлар иштирокида “Ишга жойлаштириш ва тадбиркорликка жалб қилиш КЎЧМА ЯРМАРКАСИ” ташкил этилди. Кўчма ярмарка талофат кўрган ҳозирда ижтимоий объектлар манзилларида вақтинча яшаш учун жойлаштирилган хонадонларга жойига борган ҳолда хизмат кўрсатмоқда.
Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад:
барпо этилган кўп қаватли ва қайта тикланган уй-жойларда истиқомат қилувчи доимий иш билан банд бўлмаган аҳоли сонини аниқлаш ва уларнинг ҳар бирини ишга жойлаштириш ёки тадбиркорликка йўналтириш бўйича манзилли рўйхатни шакллантириш;
мазкур ҳудудда янгитдан ташкил этилган лойиҳаларга талаб этиладиган меҳнат ресурсларини аниқлаш ва шу ҳудудда яшовчи мавжуд банд бўлмаган аҳолини доимий ишга жойлаштириш;
чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик, интенсив боғдорчилик, иссиқхоналар ва бошқа йўналишларда оилавий тадбиркорлигини ташкил этиш истаги бўлган ишсиз фуқароларнинг қўшимча лойиҳаларини аниқлаш ва амалга оширишга кўмаклашишдан иборат.
Уч кун давомида ўтказилган тадбирда вилоятнинг барча ҳудудларидан 87 та корхона ва ташкилотлар ўзларидаги мавжуд 4491 та бўш (вакант) иш ўринлари билан иштирок этишди.
Тадбирга 3496 нафар иш қидирувчилар (шулардан 103 нафари ҳарбий хизматдан бўшаганлар, 32 нафари жазодан озод қилинганлар, 136 нафари четдан қайтган ва четга кета олмаган мигрантлар ва бошқалар тоифадаги 3225 нафар ), шу жумладан 1995 нафар ёшлар ва 1334 нафар аёллар жалб қилинган бўлса, ярмарка натижаси билан 564 нафар иш қидирувчиларга (361 нафар ёшлар, 272 нафар аёллар, шундан 19 нафари ҳарбий хизматдан бўшаганлар, 18 нафари жазодан озод қилинганлар, 69 нафари четдан қайтган ва четга кета олмаган мигрантлар, 117 нафари темир дафтардан, 75 нафари аёллар ва 61 нафари ёшлар дафтаридан) ишга жойлашишлари учун йўлланмалар берилди.
Шунингдек, “Сардоба” сув омбори тошқинидан талофат кўрган Оқолтин, Сардоба ва Мирзаобод туманларидан уч кунлик тадбирга 1825 нафар иш қидирувчилар (шулардан 34 нафари ҳарбий хизматдан бўшаганлар, 21 нафари жазодан озод қилинганлар, 114 нафари четдан қайтган ва четга кета олмаган мигрантлар ва бошқалар тоифадаги 1656 нафар), шу жумладан 1011 нафар ёшлар ва 684 нафар аёллар жалб қилинган бўлса, ярмарка натижаси билан 248 нафар иш қидирувчиларга (166 нафар ёшлар, 126 нафар аёллар, шундан 18 нафари ҳарбий хизматдан бўшаганлар, 14 нафари жазодан озод қилинганлар, 51 нафари четдан қайтган ва четга кета олмаган мигрантлар, 49 нафари темир дафтардан, 36 нафари аёллар ва 45 нафари ёшлар дафтаридан) ишга жойлашишлари учун йўлланмалар берилди.
Шу билан бирга, 572 нафари касб тайёргарлигига юборилди, 111 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди, 270 нафари субсидия олиш юзасидан рўйхатга олинди, 122 нафари тадбиркорлик қилиш учун кредит олишга истак билдирдилар.
Бундан ташқари, 1809 нафар иш қидирувчиларга меҳнат қонунчилиги, иш жойини ўзгартириш, бўш иш ўринлари ва бошқа шу каби масалаларда маслаҳатлар берилди.
Бундан ташқари, 7 нафар тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқариш кооперативларини ташкил этиш ҳамда 400 нафар фуқароларни кооперативга аъзо сифатида бириктириш бўйича келишувларга эришилди.
Мисол тариқасида:
Сардоба туманидаги тикувчилик йўналишида фаолиятини бошлаган “Sardoba textile Oqsaroy grup” МЧЖга талофат кўрган маҳаллалардаги 52 нафар ишсиз фуқароларга ишга жойлаштириш учун йўлланмалар берилди.
Шунингдек, чет давлатга пандемия сабабли чиқа олмаган Сардоба туманидаги Дўстлик маҳалласида яшовчи Мавлуда Тоғайева, Наргиза Хайриддинова, “темир дафтар”га киритилган Хуршида Бекбўтаева ва мактаб битирувчиси Ситора Қўчқоровалар ушбу ярмаркада ишга жойлашиш учун йўлланмаларга эга бўлишди.
Мирзаобод туманидаги тикувчилик йўналишида фаолиятини юритаётган “Finiba tex” МЧЖга талофат кўрган маҳаллалардаги ва “темир дафтар”га киритилган 27 нафар банд бўлмаган фуқароларга йўлланмалар берилди.
Оқолтин туманидаги тикувчилик йўналишида фаолиятини бошлаган “OQOLTIN ULTRA ART TEXTILE” МЧЖга талофат кўрган маҳаллалардаги 84 нафар ишсиз фуқароларга ишга жойлаштириш учун йўлланмалар берилди. Мисол учун Гулнозахон Ашурова, Нилуфар Абдуллаева, Дилфуза Карабаева ва Зулфия Ашурова, “темир дафтар”га киритилган Жамила Давронова, Зулхумор Убайдуллаева ҳамда чет давлатга пандемия сабабли чиқа олмаган Ханифа Абдурахмонова, Ойгул Исоковаларга ушбу ярмаркада йўлланмалар тақдим этилди.
Бундан ташқари Оқолтин касб хунарга ўқитиш марказига қисқа муддатли курсларда ўқитиш учун 100 нафар ишсиз фуқароларга йўлланмалар берилди. Мисол учун “темир дафтар”га киритилган Гулнора Махмудова, Хумора Равшанова, чет давлатга пандемия сабабли чиқа олмаган Фарангиз Насруллаева, Одинахон Нурматоваларни касбга ўқувига йўналтирилди.
Шунингдек, Оқолтин касб ҳунарга ўқитиш марказига қисқа муддатли курсларда ўқитиш учун 81 нафар ишсиз фуқароларга йўлланмалар берилди. Булар таълим муассасаларини битирган битирувчилар Умида Султонова, Шахло Жўраева, Сарвиноз Мамадалиева, Зарнигор Ўринбоева ва бошқалар ва Мирзаобод туманидаги лимонария йўналишида фаолият кўрсатаётган “Ахмад-хон”МЧЖга қисқа муддатли курсларда ўқитиш учун 81 нафар ишсиз фуқароларга йўлланмалар берилди. Булар Гулмира Умарова, Малика Норбўтаева, Мавлуда Эшонова, таълим муассасасини битирган Сарвиноз Собирова ва Феруза Аъзамхоновалар.
Тизимнинг яна бир хизмат турларидан бири бўлган, субсидия ажратиш юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, талофат кўрган туманларнинг 270 нафар банд бўлмаган фуқароларига ўз даромадларига эга бўлишлари ҳамда оилаларида тадбиркорликни амалга оширишга ва бандлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида 294 млн.сўм миқдорида субсидиялар ажратиш белгилаб олинди.
Бундан ташқари уч кун давомида ўтказилган тадбирнинг иккинчи йўналишида яъни тадбиркорликка жалб қилишда ҳам тизимли ишлар амалга оширилди. Жумладан, вилоятнинг тижорат банклари билан ҳамкорликда банд бўлмаган ва ўзига мақбул келадиган иш жойини топа олмаган ва тадбиркорлик қилиш истаги бўлган 39 нафар ишсиз фуқароларга ўзларининг тадбиркорликларини амалга ошириш учун зарур бўлган кредит маблағларини ажратиш ишлари амалга оширилмоқда
Мисол учун, Сардоба тумани “Ал Хоразмий” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Умида Омонова тикувчилик йўналишида ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш мақсадида 30 млн.сўм миқдорида кредит олиш учун тижорат банк орқали ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.
Оқолтин тумани “Шодлик” маҳалласида истиқомат қилувчи доимий иш билан банд бўлмаган Бобур Жабборов паррандачиликни ривожлантириш учун тижорат банкка мурожаат қилди.
Мирзаобод тумани “Навбаҳор” маҳалласида истиқомат қилувчи пандемия сабабли чет давлатларга чиқа олмаган Бобур Жабборов туяқушчиликни ривожлантириш учун тижорат банкка мурожаат қилди.
Ушбу тадбирнинг давоми сифатида Мирзаобод, Сардоба ва Оқолтин туманлари аҳолисига айниқса, банд бўлмаган фуқароларга “Ишга жойлаштириш ва тадбиркорликка жалб қилиш КЎЧМА ЯРМАРКАСИ” ўз ишини давом эттирмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири раҳбарлигида ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи “Сардоба” сув омбори тошқинидан талофат кўрган Мирзаобод, Сардоба ва Оқолтин туманларнинг ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларини доимий иш билан таъминлаш ҳамда уларни тадбиркорлик қилиш истакларига кўмаклашиш борасидаги ўз ишини давом эттирмоқда.