ДОИМИЙ ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ МАҚСАДИДА СИРДАРЁ ВИЛОЯТИДА ЎТКАЗИЛАЁТГАН МЕҲНАТ ЯРМАРКАЛАРИНИНГ БИРИНЧИ КУНИ
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тасдиқланган баёнига мувофиқ “Сардоба” сув омбори тошқинидан талофат кўрган туманларнинг ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларини доимий иш билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири раҳбарлигидаги Республика Ишчи гуруҳи томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Республика Ишчи гуруҳи, Сирдарё вилоят ҳокимлиги, вилоят Прокуратураси ва тижорат банклари ҳамкорлигида 2020 йилнинг 4 ноябрь куни Мирзаобод туманиниг “Нурли келажак” маҳалласида “Ишга жойлаштириш ва тадбиркорликка жалб қилиш ярмаркаси” тадбири ташкил этилди.
Тадбир ҳар сафарги ярмаркалардан фарқ қилган ҳолда янгича ёндошув асосида икки йўналишда ташкил этилди, биринчи йўналишда корхона, ташкилот ва муассасалар ўзларининг бўш (вакант) иш ўринлари билан иштирок этиб, банд бўлмаган фуқароларни ишга жойлаштириш бўлса, иккинчи йўналишда ўзига мақбул келадиган ишни топа олмаган ишсиз фуқароларга тадбиркорлик қилиш истагини амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан кредит ресурслари ҳамда таъминотчи корхоналар томонидан ускуналар, жиҳозлар ва минитехнологиялар кўргазмаси ташкил этилди.
Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад:
барпо этилган кўп қаватли ва қайта тикланган уй-жойларда истиқомат қилувчи доимий иш билан банд бўлмаган аҳоли сонини аниқлаш ва уларнинг ҳар бирини ишга жойлаштириш ёки тадбиркорликка йўналтириш бўйича манзилли рўйҳатни шакллантириш;
мазкур ҳудудда янгитдан ташкил этилган лойиҳаларга талаб этиладиган меҳнат ресурсларини аниқлаш ва шу ҳудудда яшовчи мавжуд банд бўлмаган аҳолини доимий ишга жойлаштириш;
чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик, интенсив боғдорчилик, иссиқхоналар ва бошқа йўналишларда оилавий тадбиркорлигини ташкил этиш истаги бўлган ишсиз фуқароларнинг қўшимча лойиҳаларини аниқлаш ва амалга оширишга кўмаклашишдан иборат.
Тадбирда вилоятнинг барча ҳудудларидан 74 та корхона ва ташкилотлар ўзларидаги мавжуд 4450 та бўш (вакант) иш ўринлари билан иштирок этишди.
Тадбирга 1748 нафар иш қидирувчилар (шулардан 114 нафари ҳарбий хизматдан бўшаганлар, 56 нафари жазодан озод қилинганлар, 465 нафари четдан қайтган ва четга кета олмаган мигрантлар), шу жумладан 994 нафар ёшлар ва 692 нафар аёллар жалб қилинган бўлса, ярмарка натижаси билан 270 нафар иш қидирувчиларга (169 нафар ёшлар, 126 нафар аёллар, шундан 12 нафари ҳарбий хизматдан бўшаганлар, 24 нафари жазодан озод қилинганлар, 86 нафари четдан қайтган ва четга кета олмаган мигрантлар, 465 нафари темир дафтардан, 68 нафари аёллар ва 85 нафари ёшлар дафтаридан) ишга жойлашишлари учун йўлланмалар берилди.
Шунингдек, “Сардоба” сув омбори тошқинидан талофат кўрган Оқолтин, Сардоба ва Мирзаобод туманларидан тадбирга 1046 нафар иш қидирувчилар (шулардан 18 нафари ҳарбий хизматдан бўшаганлар, 14 нафари жазодан озод қилинганлар, 86 нафари четдан қайтган ва четга кета олмаган мигрантлар), шу жумладан 558 нафар ёшлар ва 392 нафар аёллар жалб қилинган бўлса, ярмарка натижаси билан 130 нафар иш қидирувчиларга (87 нафар ёшлар, 65 нафар аёллар, шундан 9 нафари харбий хизматдан бўшаганлар, 11 нафари жазодан озод қилинганлар, 26 нафари четдан қайтган ва четга кета олмаган мигрантлар, 15 нафари темир дафтардан, 18 нафари аёллар ва 24 нафари ёшлар дафтаридан) ишга жойлашишлари учун йўлланмалар берилди.
Шу билан бирга, 327 нафари касб тайёргарлигига юборилди,
49 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди, 164 нафари субсидия олиш юзасидан рўйҳатга олинди, 98 нафари тадбиркорлик қилиш учун кредит олишга истак билдирдилар.
Бундан ташқари, 840 нафар иш қидирувчиларга меҳнат қонунчилиги, иш жойини ўзгартириш, бўш иш ўринлари ва бошқа шу каби масалаларда маслаҳатлар берилди.
Бундан ташқари, 7 нафар тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқариш кооперативларини ташкил этиш ҳамда 400 нафар фуқароларни кооператига аъзо сифатида бириктириш бўйича келишувларга эришилди.
Ушбу тадбирни жорий йилнинг 5 ноябрь куни Оқолтин туманининг “Шодлик” маҳалласида ва 6 ноябрь куни Сардоба туманининг “Дўстлик” маҳалласида ташкил этиш ишлари Республика ишчи гуруҳи томонидан давом эттирилмоқда.
Қолаверса, вилоятнинг чекка қишлоқлари аҳолиси ҳамда “Сардоба” сув омбори тошқинидан талофат кўрган Оқолтин, Сардоба ва Мирзаобод туманларидаги талофат кўрган оилалардаги ишсиз фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида “Ишга жойлаштириш ва тадбиркорликка жалб қилиш ярмаркаси” жорий йилнинг 7 ноябрь кунидан бошлаб тизимнинг 11 та Дамас автомашиналари жалб этилган ҳолда сайёр тарзда ташкил этилади.
“Сардоба” сув омбори тошқинидан талофат кўрган туманларнинг ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларини доимий иш билан таъминлаш ҳамда тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири раҳбарлигида ташкил этилган Республика Ишчи гуруҳи жойларда ўз ишини давом эттирмоқда.