ДАВЛАТ МЕҲНАТ ИНСПЕКЦИЯСИ МАЖБУРИЙ МЕҲНАТГА ҚАРШИ КУРАШМОҚДА!
Айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида пахта йиғим-терими қизғин паллага кирди. Пандемия шароитида ҳосилни талафотсиз териб олиш, теримчилар ва фермер хўжаликлари ўртасида тузиладиган меҳнат шартномасига кўра меҳнатга ҳақ тўлашни ўз вақтида амалга ошириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, карантин шароитида теримчилар хавфсизлигини таъминлаш биринчи галдаги вазифадир.
Шу каби жараёнларни эътиборга олган ҳолда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва бу борада аҳолининг хабардорлигини ошириш, шунингдек, тарғибот тадбирларини ташкил этиш бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, 2020 йилги пахта йиғим-терими давомида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳамда теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг буйруғига асосан ишчи гуруҳлар шакллантирилди.
Бу борада Ишчи гуруҳларга берилган вазифалар бўйича жорий йилнинг 21 сентябридан ҳудудларда пахта йиғим-терими мавсуми давомида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш, терим пулларининг ўз вақтида берилишини таъминлаш юзасидан ўрганишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунга қадар Давлат меҳнат инспекциясига меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилишга оид жами 50 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан, call марказ орқали - 22 та, web сайт орқали - 2 та, ижтимоий тармоқ орқали-26 та етиб келган. Келиб тушаётган мурожаатларнинг энг кўпи Наманган вилоятида 11 та, Қашқадарё вилоятида 10 та, Жиззах вилоятида 6 та, Андижон вилоятида 5 та, Тошкент вилоятида 4 та, Бухоро вилоятида 3 та ва бошқа ҳудудларга тўғри келади.
Мурожаатларнинг мазмунига кўра 16 та ҳолатда маҳалла фуқаролар йиғини томонидан фуқаролар, 6 та ҳолатда банк ходимлари мажбурий меҳнатга жалб қилинаётганлиги тўғрисида хабар қилинган. Жойларда фуқаролар, корхона ташкилот ва муассасалар ходимлари томонидан ушбу йўналишда тушаётган мурожаатлар, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда чиқаётган хабарларда келтирилган ҳолатлар зудлик билан ўрганиляпти. Унда аниқланган муаммоларни зудлик билан бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Шунга қарамасдан, ишчи гуруҳлар томонидан ўтказилаётган кунлик мониторинглар натижасида мажбурий меҳнатга йўл қўйгани учун 2 та ҳолатда, меҳнат шартномаларини тегишли равишда тузмаган ва меҳнат шароитларини яратмаган 4 та ҳолатда мансабдор шахсларга нисбатан 27 млн 875 минг сўм миқдорида маъмурий жарима тайинланди.
Шу билан бирга, Давлат меҳнат инспекциясига келиб тушаётган мурожаатлар ўрганилиб, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ҳам юборилмоқда. Ҳусусан, Наманган вилояти Наманган шаҳрида жойлашган “Ихтисослаштирилган қурилиш моллари бозори” МЧЖдаги савдо ходимларидан пахта терими учун пул маблағлари йиғилаётганлиги бўйича ўтказилган ўрганиш натижалари юзасидан тушунтириш ҳатлари ва тегишли ҳужжатлари расмийлаштирилиб, ҳолат тасдиқланганлиги сабабли белгиланган тартибда таъсир чораси қўллаш учун Наманган вилояти Наманган шаҳар прокуратурасига юборилди.
Мажбурий меҳнатга қарши кураш давом этмоқда !