Давлат меҳнат инспекцияси инспекторлари учун онлайн семинарлар бошланди

25.06.2021

Бугун Халқаро Меҳнат Ташкилоти экспертлари ҳамда Бош прокуратура Академияси билан ҳамкорликда Давлат меҳнат иснпекцияси иснпекторлари учун ўқув дастури асосида онлайн тарзда семинарлар бошланди.

Мазкур ўқув дастурини Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Б.Умурзақов ҳамда “Учинчи томон мониторинги” лойиҳаси Бош техник маслаҳатчиси Йонас Аструп очиб беришди.

Онлайн ўқув курсининг мақсади – мажбурий меҳнат ва одам савдоси бўйича халқаро стандартларга риоя этиш, ХМТ аъзоси сифатида тегишли ҳужжатларни Ўзбекистон томонидан ратификация қилиш, шунингдек, мажбурий меҳнат ва одам савдоси ҳолатларини аниқлаш кўрсаткичлари, ушбу ҳолатларни тергов қилиш усуллари ва бошқа иш фаолиятимиздаги зарур масалаларига қаратилади.

Мақсадга эришиш учун ушбу ўқув дастурида қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратилади, яъни Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ва одам савдоси бўйича миллий қонунчилик ва сиёсат асослари, жабрланганларга кўмак бериш ва виждонсиз иш берувчиларга қарши амалга ошириладиган чоралар ва ҳолатлар кузатуви, ваколатли идораларга ҳолатлар ҳақида хабар бериш ва идоралараро ҳамкорлик.

Шу билан бирга асосий урғу прокуратура органларига материалларни юбориш ва айбдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатиш масалаларига қаратилади.

Бу борада Халқаро Меҳнат Ташкилоти билан ҳамкорликда “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида халқаро ташкилотлар билан хамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш дастури” асосида мазкур йўналишда миллий қонунчилигимизга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни амалиётда қўллаш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш, суд, ҳуқуқ ва давлат органлари ходимларининг малакасини ошириш мақсадида 2021 йил 27 апрель – 7 май кунлари қисқа муддатли онлайн ўқув курслари ташкил этилди.

Хусусан, судьялар Олий мактаби, Бош прокуратура ҳузуридаги Академия, Давлат меҳнат инспекцияси, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази, Давлат бошқаруви академияси мутахассисларидан иборат тренерлар гуруҳи тайёрланди.

Эндиликда тайёрланган тренерлар имкониятларидан фойдаланган ҳолда, ҳудудларда соҳа мутахассилари учун қисқа ўқув-семинарлар ташкил этиш назарда тутилмоқда.

Бугундан бошланаётган 10 кунлик дастурдан иборат ўқув курсларида халқаро экспертлар Оксана Липкану, Майкл Кандаракис, шунингдек, Бош прокуратура Академиясидан Улуғбек Абдурахманов ҳамда вазирликнинг вакиллари  инспекторларга белгиланган дастур бўйича ўқишларни олиб  борадилар.