Меҳнат вазири Н.Хусановнинг очиқ хатига Cotton Campaign нинг жавоби
(инглиз тилидан норасмий таржима)
Cotton Campaign Меҳнат вазири Н.Хусанов пахта бойкотини ечиш ва «ислоҳотларнинг янги босқичига ўтиш» ҳамда Ўзбекистон халқи учун ишга жойлашиш имкониятларининг кенгайиши борасида ўзаро ҳамкорлик қилиш масалаларини кўтарганини маъқуллайди.
Дарҳақиқат, Cotton Campaign 2007 йилда ташкил топган вақтидан бошлаб мамлакатни узоқ вақт давомида орқага тортиб келган давлат томонидан маблағлаштирилган мажбурий меҳнат тизимига барҳам беришга ҳаракат қилди. Ҳозир эса Cotton Campaign брендларга мажбурий меҳнат бартараф этилгани ва фуқаролик жамияти кучайтирилганига кафолат берган ҳолда жавобгар инвестицияларни қўллаб-қувватлаш учун асосларни ишлаб чиқиш борасидаги масъулиятни ўз бўйнига олади.
«Бу ерда гап бойкотни тугатиш керак ёки йўқлиги ҳақида эмас, балки қачон ва қандай қилиб, биринчи навбатда, унинг тугатилиши чуқур ислоҳотлар амалга оширилаётган Ўзбекистонга оқилона инвестиция киритиш учун катализатор бўлиб хизмат қилиши мумкинлиги ҳақида кетмоқда», – дея таъкидлайди Cotton Campaign асосчиларидан бири Беннетт Фриман.
Жорий йил январда Тошкент шаҳрида Меҳнат вазири Н.Хусанов ва Ўзбекистон ҳукуматининг бошқа мансабдор шахслари билан бўлиб ўтган учрашувлар чоғида Cotton Campaign мажбурий меҳнатга барҳам берилмагунича 305 та йирик кийим брендлари ва ритейлерларнинг ўзбек пахтасини сотиб олмаслик бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларини қайта кўриб чиқиш тарафдори эканлигини маълум қилди. Бойкотни ечиш имкониятини баҳолаш 2019 йилда ҳосил терими кузатишларини ҳисобга олиб ва Cotton Campaign ислоҳотлари «Йўл харитаси»га мувофиқ Ҳукумат томонидан эришилган умумий ривожланишни инобатга олган ҳолда ўтказилади.
Тошкентда бўлиб турган вақтида Cotton Campaign ислоҳотлар борасида эришилган ютуқларни эътироф этди ва маъқуллади, бироқ шу вақтнинг ўзида фуқаролик жамияти эркинлиги борасида ривожланишнинг йўқлиги ва 2019 йилдаги ҳосил терими вақтида мажбурий меҳнатнинг давом этганлиги бўйича жиддий хавотирларини билдирди.
COVID-19 келтириб чиқарган инқироз бутун дунёдаги тикувчилик соҳасига мисли кўрилмаган салбий таъсир ўтказди: ишлаб чиқариш буюртмаларининг кескин камайиши, амалдаги шартномалар бўйича мажбуриятларнинг бажарилмай қолиши ва чакана савдо дўконлари, шунингдек, етказиб беришнинг барча занжирларида тикувчилик корхоналари ишчиларининг ишдан бўшатилиши рўй берди. Ушбу ҳолатлар 2019 йилдаги терим вақтида мажбурий меҳнатнинг давом этиши билан бир қаторда Ўзбекистондан маҳсулот етказиб бериш борасидаги янги келишувларнинг бошланиши учун брендларга етарли тўсиқлар яратмоқда.
«Биз мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича Ўзбекистоннинг эришган тарихий ривожланишини эътироф этамиз ва бундан бағоят мамнунмиз ҳамда бизнинг аъзоларимиз Ўзбекистон билан ҳамкорликни қайта тиклаш имкониятини интиқлик билан кутмоқдалар», – дейди Америка кийим-кечак ва пойабзал уюшмаси (American Apparel and Footwear Association) катта вице-президенти Нэйт Херман. «Бироқ брендларнинг мажбурий меҳнатга мутлақ муросасизлик сиёсатини ҳисобга олиб, қулликнинг замонавий кўринишларига қарши кураш соҳасидаги ҳуқуқий талаблар, шунингдек 2019 йилда Ўзбекистондаги пахта терими вақтида 100 000 дан ортиқ киши мажбурий меҳнатга жалб этилгани ҳақида гувоҳлик берувчи Халқаро меҳнат ташкилоти мониторинги натижаларига асосланиб, брендлар ишчиларнинг қўшимча ҳимоя қилиниши кафолатларини талаб қилмоқдалар. Дунё миқёсидаги пандемияга қарамай, кафолатлар брендларимиз учун муҳимдир».
Брендлар ва бошқа маҳаллий ҳамда халқаро манфаатдор томонлар билан биргаликда Cotton Campaign мажбурий меҳнат мониторинги ва уни бартараф қилиш, ишчи ва фермерларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистондан маҳсулот етказиб беришни қўллаб-қувватлаш учун мустаҳкам асосни ишлаб чиқмоқда. Бундай ёндашув асосида тўсиқсиз мониторинг ва шикоятларни ҳал қилишни ўз ичига олувчи меҳнат ҳуқуқларини мустаҳкам ҳимоя қилишни таъминлаш, шунингдек, халқаро стандарт ва тажрибаларга мувофиқ келувчи коррупцияга қарши чоралар бўйича мажбуриятлар ётади.
Тизимли мажбурий меҳнатни тугатиш учун қўйилган қадамларга ва тузилмавий ислоҳотларнинг ўтказилганига қарамай, мустақил ННОларни рўйхатга олиш ва ишчиларни мустақил жалб этиш учун имкониятларни яратишни ўз ичига олган фуқаролик жамиятининг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш борасида катта силжиш кузатилмаяпти.
Ўзининг «Йўл харитаси» доирасида Cotton Campaign ҳукуматни эркин ва фаол фуқаролик жамияти ривожланиши учун имкониятлар беришга чақирди, бу эса шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлайди ва, ўз навбатида, инвестициялар учун зарур бўлган муҳитни яратади.
«Бизнинг брендлар билан ҳамкорликда ишчи ва фермерларни ҳимоя қилиш учун яратадиган исталган тизимимиз Ўзбекистон ҳукумати нафақат ислоҳотларни ўтказиш, балки ўша ислоҳотларни жорий қилишини таъминлаш учун қўлидан келган барча ишларни амалга оширган тақдирдагина самарали бўлади», – дейди Cotton Campaign асосчиларидан бири ва Responsible Sourcing Network вице-президенти Патрисия Журевич. «Бу ҳам мажбурий меҳнатга барҳам бериш, ҳам брендлар ишонган етказиб бериш ахлоқий занжирини яратишда муҳимдир».
Муҳокамаларни давом эттириш мақсадида баъзи брендлар вакилларининг март охирида Ўзбекистонга қайтиш борасидаги режалари COVID-19 туфайли қолдирилган бўлса ҳам, Cotton Campaign Ўзбекистон ҳукумати билан амалий алоқаларни давом эттиришга умид қилади.
Коалиция, шунингдек, тарихий масалани ҳал қилиш учун ички муҳокамаларни ва ўзбек ишчилари, фермерлари ва фуқаролик жамиятига фойда келтирувчи инвестицияларга кўмаклашиш бўйича аниқ қадамлар воситасида ислоҳотлар жараёнини якунлашни қўллаб-қувватлаш имкониятини фаоллаштиради.