Билимни баҳолаш марказлари томонидан тақдим этилган рўйхатлар бўйича ўтказилган текшириш тест синовлари натижаси маълум бўлди
2019 йил 1 июль Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги биносида Малакаси тасдиқланган шахслар миллий реестрига киритилган фуқароларнинг корейс тили бўйича билимлари ҳаққонийлигини текшириш учун тест синови ўтказилди. Тест жараёнида Билимни баҳолаш марказлари томонидан тақдим этилган рўйхат орасидан тасодифий усулда танлаб олинган фуқаролар иштирок этди.
Хусусан, “Сenter for assessment of knowledge” МЧЖ томонидан тақдим этилган 239 нафар фуқародан 20 нафари, “Маlака vа bilim sinov mаrкаzi” МЧЖдаги 104 нафар фуқародан 5 нафари, "Kompleks test markazi" МЧЖдаги 3249 нафар фуқародан 40 нафари – жами 65 нафар фуқаро саралаб олинди ва 4 гуруҳга бўлиниб, саралаш тест синовини топширди.
Билимни баҳолаш марказларининг юқори балли сертификатини олган бўлса-да, текширув тести натижасига кўра жами 14 нафар фуқаро тестдан ўта олмади. Уларнинг 4 нафари “Сenter for assessment of knowledge” МЧЖ, 1 нафари “Маlака vа bilim sinov mаrкаzi” МЧЖ ва 9 нафари "Kompleks test markazi" МЧЖ томонидан юқори баҳолаб берилган фуқаролар эди.
Шунингдек, тест синовларида узрли сабабларсиз жами 12 нафар фуқаро иштирок этмади.
Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш ва тубдан қайта кўриб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 725-сон қарорига асосан текшириш тест синовидан ўта олмаган 14 нафар ва узрли сабабларсиз қатнашмаган 12 нафар – жами 26 нафар фуқарони Малакаси тасдиқланган шахслар миллий реестридан чиқариш тўғрисида ишчи гуруҳ қарори қабул қилинди.
Текшириш тест синовларини ўтказиб бориш давом этади.