Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Исроил давлатининг Ўзбекистондаги элчихонаси ўртасида ҳамкорлик учрашуви ўтказилди

10.03.2021

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Исроил давлатининг Ўзбекистондаги элчихонаси ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Унда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов, вазирнинг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов ҳамда Исроил давлатининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Зехавит Бен Ҳиллел, бош консул Идан Давид иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон меҳнат бозоридаги мавжуд вазият, ташқи меҳнат миграцияси соҳасида қилинаётган ишлар, мигрантлар учун касб-ҳунар таълими ва ўқитиш соҳасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Исроил давлатидаги миграция ҳолати, шу билан бирга, «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Исроил Давлати Ҳукумати ўртасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган ва Исроил Давлати ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган меҳнаткаш-мигрантларни ташкилий асосда жалб қилиш, ишга жойлаштириш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Битим имзолаш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, учрашув давомида келгусида ҳам меҳнат миграцияси соҳасида янада самарали ҳамкорлик қилиш хусусида сўз борди.