Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов Қашқадарё вилоятида камбағалликни камайтириш юзасидан ташкил этилган ишлар билан танишди

17.04.2020

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан COVID-19 пандемиясининг меҳнат бозори, меҳнат муносабатлари ва аҳоли бандлигига салбий таъсирини юмшатиш, энг аввало, вақтинча ишсиз қолган, ташқи чегаралар ёпилиши муносабати билан хорижга ишлаш учун кета олмаган фуқароларнинг бандлигига кўмаклашиш, шунингдек, камбағалликни камайтириш ва олдини олиш бўйича республикамизнинг барча ҳудудларида зарурий чоралар кўрилмоқда.

Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги жамоат ишлари жамғармасига қўшимча 200 мрлд. сўм ажратилган. Натижада апрель ойида 117 мингдан ортиқ фуқаро жамоат ишларига жалб қилинган. Биргина Қашқадарё вилоятида жамоат ишларига 7.5 минг фуқаро жалб қилинди.

photo_2020-04-17_09-17-42

Қўйилган вазифаларнинг боришини ўрганиш, назорат қилиш, вужудга келаётган муаммоларга ечим топиш мақсадида жорий йилнинг 15 апрель куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Ҳусанов Қашқадарё вилоятининг Китоб ҳамда Қамаши туманларида бўлди.

Қайд этиш лозим, карантин пайтида банд бўлмаган аҳолини иш билан таъминлаш ҳамда камбағалликни камайтириш юзасидан олиб борилаётган тадбирлар, хусусан аҳолининг муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, доимий даромад манбаига эга бўлишларига ёрдам бериш мақсадида Китоб туманидаги 18 та хонадонга 2.2 млн сўмдан жами 35.6 млн сўм субсидия ажратилди. Мазкур маблағлар ҳисобидан тумандаги даромади юқори бўлмаган оилалар шахсий ер томорқаларида иссиқхоналар ташкил этилди.

photo_2020-04-17_09-17-40

Аҳоли бандлигини таъминлаш ва қўшимча иш ўринлари яратиш учун 489 нафар кам таъминланган оила аъзолари хақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинган.

Қамаши туманида ҳам бу борадаги ишлар тизимли равишда ташкил этиляпти. Хусусан, ҳудуддаги дуккакли ва бошоқли дон экинлари, картошка ҳамда мевали ва манзарали дарахтларга ихтисослаштирилган “Comfortable business service” MCHJ Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан 60 нафар иш билан банд бўлмаган фуқароларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этган.

Шунингдек, вазир Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ажратилган субсидия ҳисобига шахсий томорқасида иссиқхона ташкил қилган қамашилик Ҳусан Хидиров фаолияти билан танишди.

photo_2020-04-17_09-17-35

Ушбу иссиқхона фуқаронинг 15 сотих шахсий томорқа ер майдонида ташкил этилган. Унда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ажратилган 669 минг сўм миқдоридаги субсидия ҳисобидан 2676 дона помидор, булғор қалампири ва бақлажон кўчатларини экиш ишлари бошлаб юборилган.