Вазир Нозим Хусанов Бухоро вилояти Олот туманида аҳоли бандлиги ва ишсизлик муаммолари билан танишди

19.01.2021

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов Бухоро вилоят Олот туманида бўлиб, у ердаги аҳоли бандлиги, турмуш шароити, тадбиркорлик муҳити ва ишсизлик борасидаги мавжуд муаммолар билан танишди. 

Ташриф давомида тумандаги "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари" ва “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг меҳнатга лаёқатли аъзоларини иш билан таъминлаш, оғир аҳволда яшаётган оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида бажарилаётган ишлар, аҳоли хонадонларидаги ўрганиш ва хатлов натижаларига эътибор қаратди. 

Шунингдек, туманда аҳолининг ишчанлик фаоллигини ошириш, камбағал ва ишсиз фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, шу асосда доимий даромад келтирадиган меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш, фуқароларнинг бандлигига кўмаклашиш мақсадида маҳаллалардаги ҳолатлар таҳлил қилинди.

Ишсиз ёшларни қизиқиши ва лаёқатига қараб касб-ҳунарли қилиш мақсадида очилган касб-ҳунар мактабининг фаолияти ҳам вазир ва бошқа мутасаддиларни бефарқ қолдирмади.  Бу ерда Нозим Ҳусанов касб-ҳунар мактабидаги мавжуд техника ва технологиялардан самарали фойдаланган ҳолда ўқувчи сонини кўпайтириш, албатта, бунда ўқишни тамомлаган ҳар бир ёш ёки фуқарони даромадли қилиш лозимлиги хусусида тўхталди. Шу йил 20 январь кунига қадар маҳаллалар кесимида муайян касб-ҳунарга ўқиш истагида бўлган ишсиз фуқароларнинг рўйхатини маҳалла билан биргаликда шакллантириб, ўқитишни бошлаш кераклигини таъкидлади.

Муҳими, топшириққа асосан шу куннинг ўзида тикувчилик, қурилиш соҳаси учун қатор мутахассисликлар, электргазпайвандловчиси, электрик каби йўналишлари бўйича 80 нафардан ортиқ ишсиз фуқаро рўйхати шакллантирилиб қисқа муддатли ўқув курслари бошланди.