Айрим оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган мурожаат юзасидан маълумот

28.05.2019

2019 йилнинг 27 май куни айрим оммавий ахборот воситаларида Наманган вилояти Наманган туманида яшовчи фуқаро, 1-гуруҳ ногирони Отабек Райимов томонидан мутахассислиги бўйича туман Маданият саройига ишга олинмаётгани бўйича йўлланган видео мурожаат эълон қилинди. Ушбу масала юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди.

Маълум бўлишича, О.Раимов 2007 йил “Анъанавий ижрочилик” ихтисослиги бўйича Наманган маданият коллежини тамомлаган. 2018 йилнинг 19 апрелида мутахассислиги бўйича туман Маданият саройига ишга жойлашишда амалий ёрдам сўраб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига мурожаат қилган. Ушбу мурожаат Наманган туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан кўриб чиқилганда О.Раимов фақатгина тумандаги маданият бўлимида ишлаш истаги борлигини билдирган. Бироқ ўша вақтда маданият бўлимида фуқаронинг мутахассислиги бўйича бўш иш ўрни бўлмагани боис, О.Раимовга бошқа вазифадаги иш таклиф этилган, аммо фуқаро томонидан бошқа иш ўрни рад қилинган.

Наманган тумани ҳокимининг 2018 йил 25 октябрдаги 1519-сонли қарорига асосан тумандаги 25 та корхона, ташкилот ва муассасаларда ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатламини ишга жойлаштириш учун 378 та иш ўринлари захираланган, 2019 йил 4 ойи давомида захираланган (квота) иш ўринларидан 106 тасига ижтимоий муҳофазага муҳтож шахслар ишга жойлаштирилган. Лекин шу пайтга қадар фуқаро О.Райимов вилоят Бандлик бош бошқармасига ҳам, туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига ҳам мазкур иш ўринларига ишга жойлаштиришни сўраб мурожаат қилмаган. Бу ҳақида фуқаро ўз билдиргисида ҳам қайд этиб ўтган.

Наманган вилояти Бандлик бош бошқармаси масъул ходимлари 2019 йилнинг 27 май куни Отабек Раимов билан учрашиб, тумандаги корхона ва ташкилотлардаги бўш (вакант) ҳамда захираланган (квота) иш ўринлари билан таништирди. Фуқаро таклиф этилган иш ўринларидан ўзига мақбулини танлаб, Наманган тумани Маданият бўлимига қарашли Маданият марказидаги тўгарак раҳбари лавозимига ишга жойлаштирилди.

билдирги

билдирги 2

буйруқ