“Аёллар дафтари”да турган, бошқа ижтимоий ёрдамга муҳтож хотин-қизларнинг бандлигига кўмаклашиш учун вазирлик ва Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳамкорликда тажриба-синов амалиёти устида иш олиб бормоқда

14.12.2023

“Аёллар дафтари”да турган, кўп болали, ҳимоя ордерини олган ва бошқа ижтимоий ёрдамга муҳтож хотин-қизларнинг бандлигига кўмаклашиш учун Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ва Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳамкорликда тажриба-синов амалиёти устида иш олиб бормоқда.

Хотин-қизларнинг ўзлари қизиққан касб-ҳунар эгаси бўлиб, ижтимоий ҳаётида ўрнини топишига кўмаклашишни мақсад қилган ушбу лойиҳа доирасида қатор хайрли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Хусусан, яқинда ушбу хотин-қизлар "Ишга марҳамат" мономарказидаги касб-ҳунарга ўқитиш жараёнлари билан яқиндан таништирилди. Пойтахтдаги мавжуд бўш иш ўринлари, “Аёллар дафтари”, ижтимоий ҳимоя реестрида турган хотин-қизларга бу борада яратилган имтиёз ҳамда преференсиялар хусусида батафсил маълумот ва тавсиялар берилди.