Айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида пахта йиғим-терими қизғин паллага кирди.
Айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида пахта йиғим-терими қизғин паллага кирди. Мавсум давомида муносиб меҳнат шароитларининг яратилиши ва бу борада аҳолининг хабардорлигини ошириш мақсадида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан бир қатор ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, барча ҳудудлардаги аҳоли гавжум жойларда ЛЕД экранлар ва пешлавҳаларда тарғибот роликлари мунатазам бериб борилмоқда. Шунингдек, аҳоли орасида кенг тушунтиришлар олиб борилиб, муносиб меҳнат шароитлари яратилиши пахта терими иштирокчиларининг ҳақ-ҳуқуқлари эканлиги тарқатма материаллар орқали етказилмоқда.
Қолаверса, теримчилар учун меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш ҳамда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси томонидан алоҳида ишчи гуруҳлари шакллантирилиб, ўрганишлар олиб бориляпти.
Ҳурматли юртдошлар!
Пахта мавсумида меҳнат муносабатларини расмийлаштириш юзасидан саволлар туғилса ёки мажбурий меҳнат ҳолатларига гувоҳ бўлсангиз, Давлат меҳнат инспекциясининг 1176 қисқа рақамларига ёки @Munosibmehnatuzbot телеграм ботига мурожаат қилинг.
Эслатиб ўтамиз, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ жисмоний шахснинг илтимосига кўра унинг шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги кафолатланади.