АТ Микрокредит банк Ангор туман филиалидаги ҳолат юзасидан расмий муносабат

21.09.2021

Ижтимоий тармоқлардаги “Шанба (дам олиш) куни “Тўққиз ой якуни” деб барча ходимлари билан иш ташкиллаган (Раиснинг топшириғига кўра)” сарлавҳаси остида тарқалган хабар https://t.me/bankirkundaligi/3963 юзасидан Сурхондарё вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиш ўтказилди.

Ўрганиш давомида АТ Микрокредит банк Ангор туман филиалида хизмат қилаётган 31 нафар ходимдан ҳолат юзасидан тушунтириш хатлари олинди. Натижаларга кўра, филиал ходимларининг пахта йиғим-терим ишларига жалб этилиш ҳолатлари аниқланмади.

Бироқ жорий йилнинг 18-19 сентябр дам олиш кунлари фуқаролардан муддати ўтган кредит тўловларини ундириш ҳамда теримчиларга пул тарқатиш учун ходимлар ишга жалб қилинган.

АТ Микрокедит банк Ангор туман филиали бошқарувчиси томонидан Меҳнат кодексининг 115, 130, 157-моддалари талаби бузилганлиги сабабли, мазкур қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан Ёзма кўрсатма ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 49-моддаси 1-қисмига асосан баённома расмийлаштирилиб, тегишли тартибда Жиноят ишлари бўйича Ангор туман судига юборилди.