АҚШ МЕҲНАТ ВАЗИРЛИГИ ЎЗБЕК ПАХТАСИНИ МАЖБУРИЙ МЕҲНАТ ОРҚАЛИ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛГАН ТОВАРЛАР РЎЙХАТИДАН ЧИҚАРДИ

29.09.2022

АҚШ МЕҲНАТ ВАЗИРЛИГИ ЎЗБЕК ПАХТАСИНИ МАЖБУРИЙ МЕҲНАТ ОРҚАЛИ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛГАН ТОВАРЛАР РЎЙХАТИДАН ЧИҚАРДИ

2022 йил 28 сентябрда АҚШ Меҳнат вазирлиги “Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат орқали ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рўйхати-2022” йиллик ҳисоботини эʼлон қилди.

Мазкур ҳисоботда 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёйев ташаббуси билан соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижалари тўғрисида батафсил маʼлумот берилган. Хусусан, меҳнат соҳасидаги фундаментал тамойиллар ва ҳуқуқларни ҳаётга татбиқ этиш, жумладан, ижтимоий-меҳнат соҳасида муҳим қарорлар қабул қилишда уч томонлама маслаҳатлашувларнинг (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федератсияси ҳамда Ўзбекистон иш берувчилар Конфедератсияси уюшмаси иштирокида) самарали механизмини йўлга қўйиш борасидаги ишларга юқори баҳо берилган.


Мазкур қарор Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан 2021 йилги пахта ҳосили мониторинги давомида тизимли мажбурий меҳнат аниқланмаганлигини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинди. Бундан ташқари, америкалик экспертлар томонидан 2022 йилда ҳукумат, нодавлат ташкилотлар ҳамда саноат соҳаси масʼул вакиллари билан бир қатор ўрганишлар ва интервюларни ўз ичига олган баҳолаш ўтказилган.

“Ўзбекистон мисолида шундай хулосага келиш мумкинки, халқаро манфаатдор томонлар кўмагида Ҳукумат томонидан амалга оширилган чоралар, пахта соҳасида мажбурий меҳнатнинг сезиларли даражада қисқаришига олиб келди. Жуда кам учрайдиган қонун бузиш ҳолатлари кузатилишига қарамасдан, Ҳукумат бу каби юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай янги ҳолатларга тезда жавоб бериш қобилиятини намойиш этди. Ҳукуматнинг бундай саʼй-ҳаракатлари орқали мажбурий меҳнатни қисқартириш ва ишчилар учун яна-да қулай шарт-шароит яратиш борасида улкан ютуқларга эришилди”, — дейилади йиллик ҳисоботда.

Маʼлумот учун: ўзбек пахтаси 2009 йилда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат орқали ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рўйхатига киритилган. Шу билан бирга, 2018 йилда халқаро кузатувчилар, жумладан, Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари томонидан олиб борилган мониторинг ва тадқиқот натижаларига кўра, АҚШ Меҳнат департаменти ўзбек пахтасини болалар меҳнати билан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рўйхатидан чиқариб ташлаган эди. Шундан буён, мазкур маҳсулот мажбурий меҳнат билан ишлаб чиқарилган товарлар рўйхатида сақланиб қолаётганди. Ҳозирда ўзбек пахтаси мазкур рўйхатдан бутунлай чиқариб ташланди.

Бу ўз навбатида, Ўзбекистоннинг пахта маҳсулотларини АҚШга экспорт қилиш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳоли даромадларини ошириш учун янги имкониятларни яратади.