АҚШ делегатлари билан Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам бериш масалалари муҳокама этилди
10 декабрь Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида АҚШ делегацияси вакиллари билан мажбурий меҳнатга барҳам бериш соҳасида ҳамкорлик бўйича учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда АҚШ давлат департаменти Одам савдосига қарши курашиш ва мониторинг бошқармаси ходими Андрю Фендер, АҚШ Меҳнат вазирлиги мутахассислари Рейчел Раба, Жулия Рейниц, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси ўринбосари Алан Мельцер, иккинчи котиби Брандон Шервуд ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов бошчилигидаги вазирлик масъуллари иштирок этди.
Учрашув давомида АҚШ делегацияси вакилларига Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича олиб борилаётган тизимли чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди ва Ўзбекистоннинг меҳнат сиёсати бўйича АҚШ делегатларини қизиқтирган масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунига кўра томонлар мажбурий меҳнатга қарши курашда ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва бу борада истиқболли режаларни амалга оширишга келишди.