АМУР ГАЗНИ ҚАЙТА ИШЛАШ ЗАВОДИ АТРОФИДАГИ ҚУРИЛИШЛАРДА ИШЛАШ УЧУН 231 НАФАР ФУҚАРО ЖЎНАБ КЕТДИ

15.10.2020

Бугунги кунда фуқароларимизни хорижда хавфсиз, тартибли ва қонуний бандлигини таъминлаш, айниқса, коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатида жорий этилган қатор чекловлар сабабли чет элга ишга кетолмаган фуқароларни хорижга ишга жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 17 августда хорижда меҳнат қилаётган фуқароларимизга муносиб шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши, шунингдек, 11 августдаги “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини амалга ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва 15 сентябрдаги “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорларида Россия Федерацияси билан боғлиқ бўлган меҳнат миграцияси соҳасига оид муҳим вазифалар ҳам белгилаб берилган.

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 16-29 сентябрь кунлари Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида бир қатор масалалар юзасидан музокаралар ўтказиш ва аниқ келишувларга эришиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси делегацияси Россия Федерациясида бўлиб қайтган эди.

Ташриф доирасида Россиянинг йирик иш берувчи компаниялари билан ҳам учрашувлар ўтказилиб, Ўзбекистон фуқароларини ушбу корхоналарга ишга жалб қилиш бўйича қатор келишувларга эришилган.

Ушбу келишувлар доирасида Россия Федерацияси “Газпром” компаниясининг Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи атрофидаги қатор қурилишларда ишлаш учун 231 нафар фуқаро бугун Навоий халқаро аэропортидан чартер рейс орқали жўнаб кетди.

Таъкидлаш жоиз, уларнинг транспорт, овқатланиш, патент ва яшаш харажатлари, агарда ишчи коронавирус билан касалланса, унинг даволаниши иш берувчи компаниялар томонидан таъминланиши белгиланган.