Аҳоли бандлигига кўмаклашиш ишлари давом этмоқда

05.06.2020

#Тошкент_вилояти

Жорий этилган карантин ва чекловлар даврида аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш ҳамда камбағалликни қисқартириш бўйича Тошкент вилоятида ҳам кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилмоқда. 

photo_2020-06-05_15-44-40

Бу каби ишлар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан ишсиз аҳолини касбга ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш орқали бандлигини таъминлаш соҳасида ҳам олиб борилмоқда. Хусусан, бунга вилоятнинг Чиноз туманидаги “QO‘JAKENT TEXTILE GROUP” МЧЖда ишга жойлаштирилган 216 нафар фуқаро жамғарма маблағлари ҳисобидан касбга қайта ўқитилган, малакаси оширилган ва бунинг учун жамғарма маблағлари ҳисобидан 596 млн. сўм тўлаб берилганлини мисол келтириш мумкин. 

photo_2020-06-05_15-44-43

Жорий йилнинг 3 июнь куни шу каби масалаларнинг ижросини ўрганиш ҳамда аҳоли билан мулоқот қилиш мақсадида Олий Мажлис Сенати аъзоси М.Қодирхонова ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Н.Якубов Чиноз туманида бўлиб, ҳолатни кўздан кечирди. Субсидия маблағлари ҳисобидан иссиқхонага эга бўлган, жамоат ишларига жалб этилган ҳамда касб-ҳунарга ўқитилиб ишга жойлаштирилган фуқаролар билан учрашди. Мавжуд имкониятлардан янада самаралироқ фойдаланиш бўйича тавсиялар беришди. 

photo_2020-06-05_15-44-46

Қайд этиш жоизки, 2020 йил январь–май ойлари давомида аҳоли томорқаларида иссиқхона қуриш, суғориш воситалари, уруғлик ва кўчатлар харид қилиш учун 48 нафар фуқарога Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан 66,1 млн. сўм субсидия ажратилди.

Ундан ташқари, жорий йилнинг январь–май ойлари давомида 1047 нафар фуқаролар вақтинчалик ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилган. Бунинг учун Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан 612, 3 млн. сўм тўлаб берилган.