Агар меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида мутахассис бўлсангиз...

07.01.2022

“Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларнинг малака имтиҳонини ўтказиш ва малака сертификатини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 январдаги 4-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур Регламентга мувофиқ меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис малака сертификатини олиш учун талабгорлар Давлат хизматлари марказларига ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига мурожаат қилишлари мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармалари малака имтиҳонини ўтказиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.
Малака сертификати – талабгорга ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи ташкилотнинг (меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчилари) ходими сифатида фаолият юритиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат ҳисобланади ва у беш йил муддатга берилади;

Малака имтиҳони учун 45 дақиқа берилади ва у 75 та саволдан иборат бўлган тест синовлари орқали ўтказилади. 70 фоиздан кам бўлмаган саволларга тўғри жавоб берган талабгор малака имтиҳонидан ўтган ҳисобланади.

Малака сертификати Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида юридик кучга эга бўлади.