Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди
Бугун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг раиси Танзила Нарбаева раҳбарлигида Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда вазир Нозим Хусанов, миллий комиссия аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида 2021 йилнинг 1-ярим йиллигида амалга оширилган ишлар, кўрилган чоралар ҳамда ушбу йўналишларда ҳали ўз ечимини кутаётган масалалар муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, ўтган давр мобайнида соҳада миллий қонунчилик асосларини такомиллаштириш жараёни изчил давом эттирилди. Хусусан, 2 та Қонун, Президент Фармони ва Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилиниб, амалиётга татбиқ этилди. Халқаро меҳнат ташкилотининг “Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисида”ги Конвенцияси (Женева, 2006 йил 15 июнь) ратификация қилинди. Ўзбекистонда илк маротаба одам савдосидан жабрланган ёки одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахсларни миллий даражада қайта йўналтириш тизими жорий қилинди.
Йиғилишда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Хусанов мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича кичик комиссия томонидан 2021 йилнинг 1-ярим йиллигида амалга оширилган ишлар ҳамда жорий йилги пахта йиғим-терим мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, меҳнат муносабатларини тўғри расмийлаштириш, теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган масалалар тўғрисида ахборот бердилар.
Шунингдек, йиғилишда АҚШ Давлат департаментининг йиллик ҳисоботидаги тавсияларни амалиётга татбиқ этиш масалалари ҳам муҳокама қилиниб, бу борада тегишли “Йўл харитаси” ишлаб чиқишга келишилди.
Эътиборли жиҳати, мамлакатимизда одам савдоси, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам кенг эътироф этилмоқда. Жумладан, Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро миграция ташкилоти, Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Европа Иттифоқи, АҚШ Давлат департаменти, Меҳнат вазирлиги ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни муносиб баҳоламоқда.
Ўз навбатида, йиғилишда жойларда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳудудий комиссиялар ҳисоботлари эшитилди.
Кун тартибида муҳокама қилинган масалалар юзасидан Миллий комиссиянинг тегишли қарори қабул қилиниб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.