28 апрель - Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни сифатида кенг нишонланади.
Инсоният ҳамма даврларда ҳавфсиз меҳнат шароитларини яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келган. Мавзу илк бора юнон файласуфлари Арасту (м.а 387-322 йиллар) ва Гиппократ (м.а 459-377 йиллар) томонидан илмий жиҳатдан ўрганилган. Гиппократ рудалар чангининг инсон саломатлигига зарарли таъсири тўғрисида ёзган. Голен эса қўрғошин чангининг зарарли таъсири натижасида келиб чиқадиган паталогик ҳолатлар батафсил таърифланган асар яратган.
Улуғ аждодимиз Абу Али Ибн Сино ўз ишлари билан (980-1087 йй) бундан 1000 йил муқаддам гигиена фанига асос солган.
Маълумки, 80 йиллар ўрталарида АҚШ, Канада, кўплаб Европа ва Осиё мамлакатларида иш жойларида оғир жароҳатланиш олган ва ҳаёт билан видолашганлар сони мисли кўрилмаган даражада ошган. 1989 йилда АҚШ ва Канаданинг йирик касаба уюшмалари ташкилотлари “Халок бўлган ходимларни хотирлаш куни” номи билан ҳалок бўлган ишчиларни хотирлаш ташаббуси билан чиқган.
1996 йил Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш кунини таъсис этиш бўйича Халқаро меҳнат ташкилотига юборилган расмий таклиф 2003 йилдан бошлаб қўллаб-қувватланган ва 28 апрель санаси танланган.
2003 йил 28 апрелдан бери ҳар йили дунёнинг 100 дан ортиқ давлатларида Халқаро меҳнат ташкилотининг ташаббуси билан нишонлаб келинаётган анъанага айланган тадбир – бутун дунё хамжамиятини катта муаммога, яъни иш жойларида содир бўлаётган оқибати енгил, оғир ва ўлим билан тугаган бахтсиз ходисаларни, касб касалликларга чалинишни олдини олиш ва меҳнат муҳофазаси масалаларига эътиборни кучайтиришга қаратмоқда.
2023-йил июн ойида Халқаро меҳнат конференцияси (ХМК) хавфсиз ва соғлом меҳнат муҳити масаласини ХМТнинг меҳнатдаги асосий тамойиллари ва ҳуқуқлари тўпламига киритишга қарор қилди.
Шу муносабат билан ХМТнинг асосий конвенциялари қаторига 1981 йилдаги Меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик тўғрисидаги конвенция
(№ 155) ва 2006 йил (№ 187) меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизликни тарғиб қилиш асослари тўғрисидаги конвенциялар қўшилди.
Ушбу қарор натижасида барча аъзо давлатлар, агар улар ушбу Конвенцияларни ратификация қилмаган бўлсалар ҳам, Ташкилотга аъзолик фактидан келиб чиқадиган ҳолда, 28-апрелни Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни сифатида нишонлайди.
28 апрель - Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш кунига бағишланган тадбирлар жорий йилда “Хавфсиз ва соғлом меҳнат шароити – меҳнат соҳасидаги аосий принцип ва ҳуқуқдир” шиори остида ўтказилади.
Республикада меҳнат шароитлари ўрганилган ҳолда ноқулай меҳнат шароитларда ишлаётган ходимларга қонунчиликда белгиланган тартибда имтиёз ва кафолатлар белгилаб берилмоқда. Булар, қисқартирилган иш вақти, қўшимча меҳнат таътили, бепул даволаш-профилактика озиқ-овқатлар, имтиёзли пенсиялардир.
Хавфсиз меҳнатнинг иқтисодий жиҳатдан шубҳасиз қулайлиги иш жойларидаги ўлим, жароҳат ва касалликлар учун тўловлар камайишига умид уйғотади.
Миллий меҳнатни муҳофаза қилиш маданияти - бу ҳукуматлар, иш берувчилар ва меҳнаткашлар хавфсиз ва соғлом меҳнат муҳитини таъминлашда фаол иштирок этиши, ҳуқуқ ва мажбуриятларни аниқ белгилаб олишлари, бахтсиз ҳодисалар олдини олиш тамойилига энг устувор аҳамият берилиши ҳамда барча даражадаги хавфсиз ва соғлом меҳнат муҳити ҳуқуқини ҳурмат қилишдир.
Ҳурматли юртдошлар,
Меҳнат муҳофазаси профилактикаси маданиятини юқори даражага кўтариб, иш жойларидаги хавфсизлик, меҳнат қилаётган инсонларнинг саломатлиги сақланиши ва келажакдаги меҳнатимиз учун ҳамжиҳатликда чорлайлик.
Ўзбекистон Републикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи Қ.Одинаев, Давлат меҳнат инспекцияси меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи А. Жураев