2022 йил 7 сентябр куни “Менинг юртим” телеканалининг “Марказий студия” кўрсатувида ярим тунгача ишлаётган 15 та ташкилотлар ҳақида лавҳалар эълон қилинган.
2022 йил 7 сентябр куни “Менинг юртим” телеканалининг “Марказий студия” кўрсатувида ярим тунгача ишлаётган 15 та ташкилотлар ҳақида лавҳалар эълон қилинган. Мазкур лавҳалар ижтимоий тармоқларда бир қанча муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари томонидан ташкилотларда иш вақтидан кейин ходимларни ишга жалб этилишида қонунчилик талабларига риоя этилишини назорат қилиш мақсадида доимий равишда мониторинглар ўтказиб келади.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 453 та ташкилотларда 847 та яқин мониторинглар ўтказилган ва шундан 145 та ҳолатда қонун бузилиш ҳолатлари аниқланганлиги сабабли, бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар киритилган ва 43 нафар мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилган.
Ходимларни иш вақтидан ташқари ишга жалб этиш асосан ҳокимликлар, давлат бошқарув органлари ва банк муассасаларида кузатилмоқда. Ҳудудлар бўйича таҳлил этилганда Тошкент шаҳри, Наманган, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида кузатилмоқда.
Шу ўринда, барча ташкилотлар мансабдор шахсларини иш вақтидан ташқари вақтда, дам олиш куни ва байрам кунлари ходимларни қонун талабларига зид равишда ишга жалб этганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликлар мавжудлиги ҳақида огоҳлантирамиз. Жумладан:
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига кўра иш вақтидан ташқари вақтда, дам олиш куни ва байрам кунлари ходимларни ишга жалб этишда мансабдор шахслар томонидан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун,
базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади;
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса,
базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади;
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига кўра меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно,
базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади;
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1482-моддасига кўра меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно, худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Худди шундай ҳаракат Вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Агарда иш берувчилар томонидан Сизнинг меҳнат ҳуқуқингиз бузилаётган бўлса, Давлат меҳнат инспекциясининг 1176 қисқа рақамига, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 71-200-06-00 Ишонч телефонига ҳамда www.dmi.mehnat.uz сайтига ва «меҳнатҳуқуқбот» телеграм мессенджери орқали ўзингизнинг бузилган меҳнат ҳуқуқларингизни тиклаш учун мурожаат қилинг.
Эслатиб ўтамиз, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ жисмоний шахснинг илтимосига кўра унинг шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги кафолатланади.