2021 йилнинг 2 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида

03.12.2021

2021 йилнинг 2 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида “Cоttоn Campaign” халқаро коалиция делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.


Учрашувда меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар, шунингдек, келгусидаги режалар муҳокама қилинди.

Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон-Германия Форуми директори У.Ниязовага кўра Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши кураш соҳасида улкан натижаларга эришилган.

“Айтиш мумкинки, бу йил ўтказилган мониторинг ташкилотимиз томонидан 2010 йилдан буён ташкил этиб келинаётган мониторинглар тарихида энг яхши натижаларни кўрсатди. Энди биз Ўзбекистонда тизимли мажбурий меҳнат ҳақида гапира олмаймиз, фақат баъзи хавфлар сақланиб қолаётганини айтишимиз мумкин. Умуман олганда, Ўзбекистоннинг давлат сиёсати ҳақиқатан ҳам аниқ мақсадларга йўналтирилганлигини исботлади, тўғри қадамларни ташланди”, — деб таъкидлади У.Ниязова.

Учрашув давомида, Э.Мухтидинов мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, жумладан, меҳнат қонунчилиги бузилишини олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар сони, пахта терими давридаги ҳуқуқбузарликлар ахборот-тарғибот ишлари тўғрисида батафсил маълумот тақдим этди, шунингдек, ушбу соҳани янада такомиллаштириш режалари тўғрисида гапирди.

Шу билан бирга, Э.Мухитдинов қуйидаги қўшма ташаббусларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқиш таклифи билан чиқди:

  1. Фермерлар, кластерлар ва Давлат меҳнат инспекцияси инспекторлари иштирокида адолатли ишга қабул қилиш ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш тамойиллари тўғрисида қўшма ўқув дастурини ўтказиш;
  2. Германия ва АҚШ давлатларида меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ташкил этиш ҳамда меҳнат низоларини ҳал этиш бўйича тажрибасини ўрганиш мақсадида Давлат меҳнат инспекцияси ходимлари учун ўқув сафарлар ва машғулотлар ташкил этиш;
  3. Меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида тажриба алмашиш мақсадида халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари, вазирлик ва идоралар, Марказий Осиё давлатларининг фуқаролик жамияти вакиллари иштирокида Халқаро давра суҳбатини ўтказиш;
  4. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида янги
    ташкил этилаётган Меҳнат низоларини кўриб чиқишга кўмаклашиш маркази – “Mehnat-М” фаолиятини ташкил этишда техник ва маслаҳат кўмагини тақдим этиш;
  5. Ҳуқуқ ҳимоячилари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хусусан, Ўзбекистонда биргаликда мониторинг ишларини олиб бориш;
  6. Германияда ташкилий меҳнат миграциясини кенгайтириш лойиҳасини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, мигрантларнинг меҳнат фаолиятини ва уларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мониторинг қилиш тизмини йўлга қўйиш.