2021 йилдаги пахта йиғим-терими мавсуми давомида мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳамда муносиб меҳнат шароитлари яратилиши борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида МАЪЛУМОТ
2021 йилги пахта йиғим-терими мавсуми давомида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси томонидан мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳамда муносиб меҳнат шароитларини яратиш юзасидан мониторинг тадбирлари мунтазам равишда олиб борилди.
Хусусан, Давлат меҳнат инспекциясининг ишчи гурухлари томонидан республиканинг барча туманларидаги 13 минга яқин ташкилот, фермер ҳўжаликлари ҳамда пахта далалари ўрганилди.
Шу билан бирга, Давлат меҳнат инспекциясига пахта мавсумида мажбурий меҳнат ҳамда меҳнат ҳуқуқлари бузилишига оид жами 128 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан, call марказ орқали - 54 та, web сайт орқали - 15 та, ижтимоий тармоқлар орқали - 24 та ҳамда 35 та ёзма мурожаатлар келиб тушган.
Ўтказилган мониторинглар ва мурожаатларни ўрганиш натижасида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан меҳнат қонунчилигини бузганлиги учун 65 нафар мансабдор шахсга жами 198 млн. 450 минг сўм миқдорда маъмурий жарима тайинланди.
Жорий йилги пахта-йиғим терими даврида мажбурий меҳнатга йўл қўйганлиги учун 5 нафар мансабдор шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддасига асосан жавобгарликка тортилди ва 1 та ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар судларга киритилди.
Бундан ташқари, 21 та ҳолатда меҳнат шартномаси тузилмаганлиги, 25 та ҳолатда меҳнат шароитлари яратилмаганлиги, 14 та ҳолатда терим пулларининг ўз вақтида тўламаслик фактлари аниқланиб, мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди. Шунингдек, аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан 48 та ҳолат юзасидан ёзма кўрсатмалар киритилди.
Шуни таъкидлаш жоизки, жорий йилги пахта мавсумидан олдин ҳудудларда иш берувчилар, хусусан, фермерлар ва пахта тўқимачилик кластерлари раҳбарларининг мажбурий меҳнат бўйича билимларини ошириш, мавсумий ишга жалб қилинадиган ишчиларни ёллашда меҳнат қонунчилигига амал қилиш мақсадида Халқаро Меҳнат Ташкилоти экспертлари иштирокида семинарлар ташкиллаштирилди.
Шу билан бирга, мажбурий меҳнат учун жавобгарлик чоралари ҳамда халқаро нормалар ва миллий қонунчилик бўйича Давлат меҳнат меҳнат инспекцияси томонидан 38 002 та шундан, фермер хўжаликлари ва кластерларида 10 732 та, таълим муассасаларида 7 080 та, соғлиқни сақлаш тизимида 2 653 та, маҳаллаларда 7 299 та, бошқа ташкилотларда ва аҳоли ўртасида 10 238 та семинар-тренинглар ва давра суҳбатлари ўтказилиб унда 642 368 нафар фуқаролар иштирок этди.
Оммавий ахборот воситаларида, телевидение ва радиоканаларда 3 252 марта чиқишлар ташкиллаштирилди. Бундан ташқари, барча туман (шаҳар)лардаги аҳоли гавжум жойларда мажбурий меҳнатни олдини олиш борасида тайёрланган “Ҳар бир меҳнат ихтиёрий, мажбурий меҳнатга йўқ дейиш сизнинг ҳуқуқингиздир” шиори остида 800 дан ортиқ баннерлар ўрнатилиб, 800 мингдан ортиқ флаерлар тарқатилди.
Пахта мавсумида мажбурий меҳнатга қарши курашиш ва муносиб меҳнат шароитларини яратилиши бўйича нафақат Давлат меҳнат инспекцияси, балки Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жамоатчилик асосида Миллий мониторинг, сенаторлар, депутатлар, журналист ва блогерлардан иборат ишчи гуруҳлар, шунингдек Халқаро Меҳнат Ташкилотининг учинчи томон мониторинги олиб борилмоқда.
Ҳурматли юртдошлар!
Давлат меҳнат инспекцияси республикамизда мажбурий меҳнатга қарши кескин кураш кетаётганлигини таъкидлаб, мажбурий меҳнат ҳолатларига гувоҳ бўлган фуқароларимиздан Давлат меҳнат инспекциясининг 1176 қисқа рақамларига,
71-200-06-00 Ишонч телефонига ҳамда www.dmi.mehnat.uz сайтига мурожаат қилишларини сўрайди.
Азиз фуқаролар ўзингизнинг бузилган меҳнат ҳуқуқларингизни тикланг ҳамда мажбурий меҳнатнинг қурбони бўлиб қолишдан огоҳ бўлинг!
Эслатиб ўтамиз, шахсингизнинг ошкор этилмаслиги кафолатланади.