2021-2025 йилларда “Ўзбекистон Республикасида Муносиб меҳнат бўйича Мамлакат Дастурини амалга ошириш”нинг устувор йўналишлари ва кутилаётган натижаларга бағишланган уч томонлама давра суҳбати бўлиб ўтди
09.02.2021
Унда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов бошчилигидаги ишчи гуруҳ, Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун ХМТ бюроси директори Олга Кулаева, Касаба уюшмалари федерацияси масъул раҳбар ходимлари ҳамда Ўзбекистон иш берувчилари Конфедерацияси вакиллари иштирок этди.
Тадбирда томонлар 2017-2020 йиллардаги “Муносиб меҳнат бўйича Мамлакат Дастури”нинг асосий натижалари, янги Дастурнинг асосий йўналишлари ва кутилаётган натижаларини ишлаб чиқиш (БМТ дастурининг устувор йўналишларига мувофиқ), бошқарув ва қонун устуворлиги, инклюзив иқтисодий ўсиш орқали муносиб иш ва бандлик имкониятларини кенгайтириш, бундан ташқари, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари хусусида музокаралар олиб борилди.
Шунингдек, миллий қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида ХМТ конвенцияларини ратификация қилиш бўйича ишларни давом эттиришни устувор йўналиш сифатида белгилаш зарурлиги, муносиб меҳнат шароитларини жорий этиш, иш берувчиларни рағбатлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш тизимини такомиллаштириш хусусида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Учрашув якунида ХМТ билан яқин 5 йил давомида қўшма ҳамкорлик қилиш бўйича келишиб олинди.