Дунёқарашни ўзгартиринг, даромад ўзи келади
Ташаббускор, ишлаб даромадли бўлишни истаётган фуқаролар рўйхатини шакллантириш, ҳудудларнинг ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда тадбиркорликка жалб қилиш орқали ҳар бир хонадонни даромадли қилиш ва камбағалликдан чиқариш чоралари ишлаб чиқилмоқда.
Албатта, дунёқарашни бироз ўзгартирсак имкониятларни кўра бошлаймиз. Мисол учун, ўрганиш ўтказилаётган Миришкор туманидаги «Ўзбекистон» МФЙда истиқомат қилувчи Феруза Ниёзова ҳоким ёрдамчиси тавсияси асосида 33 млн. сўм имтиёзли кредит олиб тадбиркорликни 2 минг дона бедана билан бошлаган. Бугун уларнинг сони 5 мингтага етди.
Қолаверса, ўзидан ташқари яна икки кишини иш билан таъминлади. Хонадондаги 6 сотих томорқа майдонидан йилига 3 маротаба ҳосил олади. Бундан ташқари, 2 бош йирик шохли чорва моллари, 12 бош товуқ ҳам бор. Тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида инкубаторда бедана жўжаларини очириб йилига 45 млн. сўм даромад қилмоқда.
Вазир “Томорқа хизмати фақат бизда” МЧЖ раҳбари Шарифжон Исмоиловнинг режалари билан ҳам танишди. 20 мингга яқин бедана парвариши билан шуғулланаётган тадбиркор яхшигина даромад қиляпти. 12 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган ва шу йўналишда касаначиликни бошлаш режалари ҳам бор.
Шунингдек, ҳудуддаги бошқа ишлаб чиқариш обектлари фаолияти билан ҳам танишиб иш ўринларини кўпайтириш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.