Низом

Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги

Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги  тўғрисида
НИЗОМ

 I. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида” 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сонли, “Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 24 майдаги ПФ-5052-сон Фармонлари ва “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 24 майдаги ПҚ-3001–сон қарори, “Меҳнат органлари тузилмасини такомиллаштириш ва фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда меҳнатини муҳофаза қилиш тизимини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 20 августдаги ПҚ-3913-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 31 декабрдаги 1066-сон қарори асосида ишлаб чиқилган бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (кейинги ўринларда – вазирлик деб аталади) мақоми, вазифалари, функциялари, ваколатлари ва фаолиятининг ташкилий асосларини белгилаб беради.

2. Қорақолпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг буйруқлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, Қорақолпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси  ва  Қорақолпоғистон Республикаси  Вазирлар Кенгашининг фармойиши, қарорлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.

3. Қорақолпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг (кейинги ўринларда – Вазирлик деб аталади) ташкилий тизими бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ҳамда тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига ва Қорақолпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига бўйсунади ва ҳисобот беради.

4. Вазирлик тизимига қуйидагилар киради:

          Вазирлик марказий аппарати;

          туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари;

          ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш минтақавий маркази;

          касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малкасини ошириш ўқув маркази.

5. Вазирлик ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда давлат бошқарувининг бошқа органлари ҳудудий тузилмалари, туман (шаҳар) ҳокимликлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

6. Вазирлик юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, мустақил балансга, банкларда ҳисоб рақамларига эга бўлади.

II. Вазирликнинг вазифалари ва функциялари

7. Қуйидагилар вазирликнинг вазифалари ва фаолияти йўналишлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилишини таъминлашда иштирок этиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, туман (шаҳар) ҳокимлари, ҳудудий прокуратура, ички ишлар органлари ва давлат солиқ хизмати раҳбарлари томонидан раҳбарлик қилинадиган комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш секторлари (кейинги ўринларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш секторлари деб аталади) билан ҳамкорликни амалга ошириш;

аҳоли бандлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат миграцияси соҳасидаги ва бош бошқарма ваколатига кирадиган бошқа масалаларга доир қонун ҳужжатларига, норматив ҳужжатларга риоя этиш юзасидан мониторинг ва назорат олиб бориш;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ва идора бўйсунувидаги ташкилотларда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

ишга жойлаштириш, ўқитиш ва малака ошириш, малакани баҳолаш хизматлари учун давлат буюртмасини шакллантириш бўйича туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда таҳлил қилиш;

коворкинг-марказлар ташкил этиш ва уларни сақлаб туриш молиялаштирилишини ташкил қилиш бўйича туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида ва идора бўйсунувидаги ташкилотларда молия назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш.

8. Вазирлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини ташкилий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлайди ҳамда унга раҳбарлик қилади;

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги буйруқларининг, Қорақолпоғистон Республикаси  Жўқорғи Кенгеси  ва  Қорақолпоғистон Республикаси  Вазирлар Кенгашининг қарор ва фармойишларининг ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари, идора бўйсунувидаги ташкилотлар томонидан бажарилишини тизимли назорат қилади;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари, идора бўйсунувидаги ташкилотлар томонидан киритиладиган ҳужжатларнинг сифатли ва ўз вақтида ишлаб чиқилишини, уларнинг иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизаси ўтказилишини ташкил этади;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари, идора бўйсунувидаги ташкилотлар фаолиятига раҳбарлик қилади, уларни мувофиқлаштиради ва назорат қилади;

аҳолини ишга жойлаштириш соҳасида хизматлар кўрсатиш юзасидан фаолият олиб борувчи юридик шахслар билан ҳамкорлик қилади;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ва идора бўйсунувидаги ташкилотларда молиявий назоратни ташкил этади ва амалга оширади;

аҳолини иш билан таъминлаш ҳудудий дастурлари бажарилиши мониторингини олиб бориш, банд бўлмаган аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш, ижтимоий ҳимоя қилиш, меҳнат муносабатлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари, идора бўйсунувидаги ташкилотлар хатти-ҳаракатларини мувофиқлаштиради;

ишга жойлаштириш, ўқитиш ва малакани баҳолаш хизматларига бўлган давлат буюртмасини шакллантириш, молиялаштириш ва амалга ошириш, кейинчалик тегишли равишда хусусий бандлик агентликлари, ишсизлар ва банд бўлмаган аҳолини ўқитиш марказлари ҳамда малакани баҳолаш марказларига ҳақ тўлаш бўйича туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари хатти-ҳаракатларини мувофиқлаштиради;

коворкинг-марказларни ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари таклифларини умумлаштиради, шунингдек уларни сақлаб туришнинг молиялаштирилишини ташкил этади;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ва идора бўйсунувидаги ташкилотларнинг моддий-техник таъминотини ташкил этади;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ва идора бўйсунувидаги ташкилотлар бинолари ва иншоотларидан жорий фойдаланиш бўйича ишлар мониторингини ўтказади ва мувофиқлаштиради;

жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишларни ташкил этади;

оператив, ташкилий, кадрлар, молиявий, ишлаб чиқариш ва ўз ваколатига кирадиган бошқа масалалар юзасидан қарор (буйруқ)лар қабул қилади;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа функцияларни амалга оширади.

Вазирлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бевосита ўзи томонидан, шунингдек ҳудудий аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ва бошқа идоравий мансуб ташкилотлар орқали бажарилишини таъминлайди.

III. Вазирликнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

9. Вазирлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек бошқа ҳужжатларни Қорақолпоғистон Республикаси  Жўқорғи Кенгесига  ва  Қорақолпоғистон Республикаси  Вазирлар Кенгашига  белгиланган тартибда киритиш;

меҳнат, бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш масалаларида давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини белгиланган тартибда мувофиқлаштириш;

Вазирлик ваколатига кирадиган масалаларни ҳал қилиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан белгиланган тартибда ахборот сўраш ва олиш;

давлат статистика органларидан вазирлик ваколатига кирадиган масалаларга доир зарур статистик ахборотни бепул олиш;

ташкилотларда меҳнат, бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат шароитлари ва стандартлари масалалари бўйича қонунчиликка, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро конвенциялар қоидалари ва талабларига риоя этилиши юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўрганиш ва текширишлар ўтказиш;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимларни ҳамда фуқаро-ҳуқуқий шартномалар асосида иш бажараётган (хизматлар кўрсатаётган) шахсларни меҳнат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ равишда уларнинг соғлиғига етказилган зарар юзасидан белгиланган тартибда махсус текширишларни ўтказиш ва текширишларда қатнашиш;

меҳнат, бандлик, меҳнатни муҳофаза қилиш ва иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун мансабдор шахсларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий жазолар бериш;

меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига жавоб бермайдиган ва ходимлар соғлиғи ёки ҳаётига хавф туғдирадиган ташкилотлар фаолиятини ёки корхоналар маблағларидан фойдаланишни ўз ваколатлари доирасида ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатиш;

Вазирлик ва унинг идоравий бўйсунувидаги тузилмалар давлат мулкини бир бўлинмадан бошқа бўлинмага бепул фойдаланиш ҳуқуқлари асосида ўз ташкилий тузилмаси доирасида белгиланган тартибда ўтказиш;

Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларини белгиланган тартибда тасарруф этиш ҳамда улардан мақсадли фойдаланиш юзасидан назоратни таъминлаш ишларини ташкил этиш;

Вазирлик ва унинг идора бўйсунувидаги тузилмалари давлат мол-мулкини беғараз фойдаланиш ҳуқуқи асосида бир бўлинмадан бошқа бўлинмага, ўз ташкилий тузилмаси доирасида балансдан балансга белгиланган тартибда ўтказиш, штат жадвалларини мувофиқлаштириш, идора бўйсунувидаги ташкилотлар молия-хўжалик фаолияти баланслари ва ҳисоботларини кўриб чиқиш;

идора бўйсунувидаги ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш тадбирларини амалга ошириш;

идора бўйсунувидаги ташкилотлар томонидан марказлашган капитал маблағлардан самарали фойдаланиш юзасидан назоратни таъминлаш, вазирлик тизимидаги объектларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича истиқболли дастурлар ишлаб чиқиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига белгиланган тартибда таклифлар киритиш;

идора бўйсунувидаги хўжалик ташкилотлари тузилмасини, штатлар сонини, шу жумладан бошқарув ходимларини, меҳнатга ҳақ тўлаш фондини, харажатлар сметасини, автотранспорт воситалари лимитини белгилаш;

Вазирлик, туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ва идоравий ташкилотлар фаолиятининг асосий кўрсаткичлари бўйича улар томонидан параметрлар бажарилишини ҳисобга олган ҳолда уларнинг ходимларини моддий рағбатлантириш тартиби, ҳажми ва шартларини белгилаш;

биноларга хизмат кўрсатиш, инвентарь ва хўжалик асбобларини, автотранспортни, алоқа воситаларини, ҳисоблаш, компьютер ва офис техникасини таъминлаб туриш ва улардан фойдаланиш, дастурий таъминот харид қилиш, шу жумладан аутсорсинг шартлари асосида харид қилиш бўйича ишларни бажариш учун белгиланган тартибда шартномалар тузиш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг идора бўйсунувидаги ташкилотларда тўғридан-тўғри шартномалар бўйича товарлар, ишлар ва хизматлар харид қилиш, шу жумладан: «Республика бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази» идора бўйсунувидаги давлат муассасасида илмий ишлар бажариш, Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича тадқиқотлар ва сўровлар ўтказиш; «Mehnat.uz» ахборот-компьютер маркази» МЧЖда ахборот-коммуникация технологияларини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва қўллаб-қувватлаш; Тошкент шаҳрида ишсиз фуқароларни касбга ўқитиш марказида, «Ишга марҳамат» банд бўлмаган аҳолига хизматлар кўрсатиш мономаркази» МЧЖда ҳамда ишсиз фуқаролар ва банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитиш марказларида ўқитиш, малака ошириш ва қайта ўқитиш; малака ошириш марказларида малакани баҳолаш; Республика меҳнат органлари ходимлари малакасини ошириш курсларида меҳнат органлари ходимлари малакасини ошириш; Республика меҳнат органлари тизими ходимлари малакасини ошириш курсларида меҳнат органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш.

иш берувчилар ўртасида ижтимоий жавобгарликни оширишга ҳамда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолини ишга жойлаштириш бўйича самарали фаолиятни кенгайтиришга рағбатлантиришни кучайтиришга қаратилган танловларни белгиланган тартибда ўтказиш;

меҳнат, бандлик, ишга жойлаштириш ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ижтимоий реклама маҳсулотларини буюртириш, шунингдек уларни давлат оммавий ахборот воситаларида, стендларда, баннерларда ва аҳоли кенг танишиши мумкин бўлган бошқа усулларда бепул жойлаштириш;

меҳнат, бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган ҳолда қабул қилинган давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг буйруқлари ва бошқа ҳужжатларини бекор қилиш тўғрисида белгиланган тартибда кўрсатмалар киритиш;

Интернет жаҳон ахборот тармоғида ва ижтимоий тармоқларда белгиланган тартибда расмий веб-сайтлар яратиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, давлат солиқ хизмати органларининг ёзма мурожаатлари асосида махсус ваколатли органлар билан дастлабки келишувсиз ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар ташкилотларнинг бандлик, меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишини режадан ташқари қисқа муддатли текширувлар ўтказиш;

коррупция ва бошқа суиистеъмолликларнинг олдини олиш ва уларга йўл қўймаслик, ходимнинг шахсий ва ишчанлик хусусиятларини, унинг фаолияти самарадорлигини мунтазам ўрганиш, шунингдек малакага ва Инспекция фаолиятининг турли йўналишларида ишлаш тажрибасига эга кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида ходимлар ротациясини амалга ошириш;

кам фойдаланилаётган ёки реконструкция ёхуд капитал таъмирлашни (қайта жиҳозлашни) талаб қилувчи мавжуд бинолар, хоналарни ижарага бериш;

меҳнат органлари рейтингини тузиш мақсадида улар фаолиятининг самарадорлигини ошириш мезонларини тасдиқлаш;

ўз ваколати доирасида конференциялар, семинарлар, кўргазмалар, ярмаркалар ўтказиш, шунингдек бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этилган шунга ўхшаш тадбирларда иштирок этиш;

Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар юзасидан услубий материаллар ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бажариш бўйича вазирлик ҳудудий бўлинмалари ва унинг идора бўйсунувидаги ташкилотлари фаолиятини белгиланган тартибда ўрганиш ва текшириш;

Вазирлик ҳудудий бўлинмалари ва унинг идора бўйсунувидаги ташкилотлари раҳбарлари ва вакиллари иштирокида кенгашлар ўтказиш;

Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши билан боғлиқ бўлган ҳамда тезкор ҳал этишни талаб қиладиган масалалар юзасидан вазирлик ҳудудий бўлинмалари ва унинг идора бўйсунувидаги ташкилотлари раҳбарларига белгиланган тартибда топшириқлар бериш;

Вазирликка юкланган вазифалар ва функциялар билан боғлиқ масалаларга бағишланган конференция, форум, семинар ва тренинглар ўтказиш, шу жумладан Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига ўтказиш;

Вазирлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

10. Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишган ҳолда давлат бошқаруви органлари билан биргаликда белгиланган тартибда қўшма буйруқ ва бошқа ҳужжатлар чиқариш ҳуқуқига эга.

11. Вазирлик ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.

IV. Вазирлик раҳбарларининг жавобгарлиги

12. Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири (кейинги ўринларда Вазир деп аталади) Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради.

13. Вазир ўринбосарлари:

Вазирлик назоратидаги таркибий бўлинмаларда Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

ўз функционал мажбуриятларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар.

14. Марказий аппаратнинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари тегишли таркибий бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши учун;

ўз функционал мажбуриятлари сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.

15. Вазирликнинг (шаҳар) туманлардаги ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари:

бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун;

ўз функционал мажбуриятларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар.

V. Вазирлик фаолиятини ташкил этиш

16. Вазирликка қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири бошқаради.

Вазирнинг биринчи ўринбосари, вазир ўринбосари – ишга жойлаштириш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши  билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири  тавсияномаси асосида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

Олий юридик ёки иқтисодий маълумотга эга бўлган шахслар, шунингдек олий маълумотли иқтисодий-ижтимоий соҳада камида 5 йиллик иш стажи бўлган шахслар Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири  ёки унинг ўринбосарлари лавозимида ишлашлари мумкин.

17. Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири:

Вазирлик фаолиятига раҳбарлик қилади ҳамда юклатилган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун жавоб беради;

Вазир ўринбосарларининг, вазирлик аппарати ходимларининг, туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ва вазирликнинг тасарруфига кирувчи ташкилотларнинг мансабдор шахслари ваколатларини ва шахсий жавобгарлиги даражасини белгилайди;

ўз ваколатлари доирасида буйруқлар чиқаради ва вазирлик тизими ходимлари бажариши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради;

Вазирликнинг харажатлари сметасини ва штатлар жадвалини ходимларнинг белгиланган сони доирасида тасдиқлайди, вазирликнинг бюджетидан молиялаштириладиган харажатлари ва даромадлари сметасини, штатлар жадвалларини ҳисобга олади;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари тўғрисидаги низомларни белгиланган тартибда тасдиқлайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

18. Қуйидагилар:

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари директорларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш – тегишли туман (шаҳар)лар ҳокимлари ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири билан келишган ҳолда вазир  томонидан;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари директорлари ўринбосарлари – ишга жойлаштириш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиқларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш – тегишли туман (шаҳар) аҳоли бандликка кўмаклашиш марказлари директорлари тавсияномаси асосида вазир томонидан;

Вазирликнинг инспекция, бўлим (шўъба) бошлиқларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш –вазирлик билан келишган ҳолда вазир томонидан амалга оширилади.

19. Вазирликнинг инспекция, бўлим (шўъба) бошлиқларини, туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари директорларини лавозимга тайинлаш ва озод қилишнинг қонунчиликда белгиланган тартибдаги жараёни якунига етгунга қадар кўрсатиб ўтилган таркибий бўлинмалар фаолиятини таъминлаш мақсадида вазир таркибий бўлинма раҳбарининг вазифасини вақтинча бажарувчини тайинлайди.

20. Туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари тўғрисидаги низомлар тегишли туман (шаҳар)лар ҳокимлари билан келишган ҳолда тегишли равишда вазирликнинг буйруқлари билан тасдиқланади.

21. Вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш меҳнат органлари тизими ходимларининг Республика курсларида шартнома асосида амалга оширади.

22. Олий юридик маълумотга эга Давлат меҳнат Инспекциясининг Давлат меҳнат инспекторлари давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходимларига тенглаштирилади, уларга адлия органлари ходимларига бериладиган мансаб даражалари татбиқ этилади.

23. Вазирликда 5 кишидан иборат – Вазир (Кенгаш раиси), унинг ўринбосарлари, шунингдек вазирлик марказий таркибий бўлимлари раҳбар ходимларидан иборат таркибда, ўз фаолиятининг асосий йўналишларига мувофиқ Кенгаш ташкил этилади.

Кенгашнинг шахсий таркиби Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши  билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири  томонидан тасдиқланади.

Кенгаш қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:

бандлик ва меҳнат муносабатлари соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишни янада такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиққан ҳолда вазирликнинг фаолиятининг қонунчиликда белгиланган асосий йўналишларини танқидий кўриб чиқиш;

меҳнат ва бандликни таъминлаш борасида қонунчиликда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатларида ва Ҳукумат қарорларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш бўйича вазирлик ва унинг тузилмавий бўлинмалари ходимларининг шахсий масъулиятини оширишга доир аниқ чоралар кўрган ҳолда, қуйи ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини тизимли равишда эшитиб боришни ташкил қилиш;

аҳолини иш билан таъминлашнинг ҳудудий дастурлари ҳамда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясининг 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича бешта устувор йўналишларининг – меҳнат бозорини тартибга солиш ва ижтимоий соҳани ривожлантириш қисмида назарда тутилган чора-тадбирларнинг бажарилишини кўриб бориш.

ижро интизоми даражасини ошириш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва халқ қабулхоналаридан тушаётган мурожаатларни ўз вақтида ҳамда сифатли кўриб чиқиш асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси топшириқлари бажарилиши юзасидан самарали назоратни таъминлаш, бандлик ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги энг зарур муаммоларни ҳал қилиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

Вазирлик номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жойлаштириш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масалаларини кўриб чиқиш.

Кенгаш вазирлик ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Ҳайъат вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.

Ҳайъат мажлисига Вазирлик таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг буйруқлари билан амалга оширилади. Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ва кенгаш аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига хабар қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби унинг кенгаш тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.

VI. Вазирлик ходимларини моддий рағбатлантириш

 24. Вазирлик ходимларини рағбатлантириш амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

25. Вазирлик ва тегишлилиги бўйича унинг тизимидаги муассасалар ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар, амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган рағбатлантириш тўловларидан иборат бўлади.

Белгиланган тартибда ажратиладиган бюджет маблағлари ва бюджетдан ташқари Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобига шакллантириладиган меҳнатга ҳақ тўлаш фонди маблағлари, шунингдек, меҳнат органлари ходимларининг меҳнатини рағбатлантириш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш жамғармаси маблағлари иш хақи тўлаш ва ходимларни моддий рағбатлантириш манбаи ҳисобланади.

26. Вазир бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ўз фаолиятида самарадорликнинг энг юқори кўрсаткичларини таъминлаётган ходимларига уларнинг лавозим маошининг бир баравари миқдорида шахсий устамалар белгилашга ҳақли. Шахсий устамалар миқдорини белгилашда меҳнатга ҳақ тўлашга оид Ягона тариф сеткаси бўйича тариф коэффициентлари билан бир қаторда бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус жамғармасидан шахсий устамалар, шунингдек бюджетдан молиялаштириладиган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари давлат хизматчилари лавозим маошларига 40 фоизлик қўшимча (меҳнатни рағбатлантириш коэффициенти) лавозим маоши ҳисоб-китобига киритилади.

27. Вазирлик марказий аппарати ва ҳудудий органларининг ходимларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан давлат бошқаруви органларида кўп йиллик меҳнати учун қуйидаги ҳажмларда (рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда лавозим маошига белгиланган коэффициентларда) ҳар ойда мукофот пули тўланади: 3 йилдан 5 йилгача - 0,1; 5 йилдан 10 йилгача-0,2; 10 йилдан 15 йилгача - 0,3;   15 йилдан юқори - 0,4.