Юнусобод туманида Кунлик ишчилар маркази фойдаланишга топширилди
Яқиндагина Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ташаббуси билан Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида аёлларга мўлжалланган “Кунлик ишчилар маркази” очилгани юзасидан маълумот берган эдик. Марказ биносида яратилган шарт-шароитлар, қулайликларга алоҳида тўхталган эдик. Мазкур янгилик юртдошларимиз томонидан яхши кутиб олинди.
Бугун пойтахтнинг Юнусобод туманида ҳам ана шундай “Кунлик ишчилар маркази”нинг янги биноси фойдаланишга топширилди. Бу ерда кунлик ишчилар учун зарурий шарт-шароитлар яратилган.
Бинонинг очилиш маросимида Бандлик ва меҳнат муносабатлари взири Н.Хусанов иштирок этди. “Мазкур бинонинг барпо этилиши – ҳаракатларимизнинг бошланиши. Келгусида мазкур марказ қошида касбга ўқитиш курсларини йўлга қўйиб, ҳунар ўрганишга эҳтиёжи борларни ўқитиб, уларга малака гувоҳномаси берилади. Шу тариқа улар доимий ишга жойлашиш имконигка эга бўлишади”, - деди Меҳнат вазири. Шунингдек Нозим Хусанов бу каби марказларнинг нафақат пойтахтда, балки Республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил этилишини таъкидлаб ўтди.
Келинг, марказ имкониятлари билан фотосуратлар орқали танишамиз.
Мана бу ерда ишчилар рўйхатга олинади. Улардан исм-шарифи ҳамда фаолият йўналиши тўғрисидаги маълумотлар талаб қилинади.
Бу ер эса арзонлаштирилган ошхона. Бу ерда егуликларни қулай нархда сотиб олиш имкони бор.
Кунлик ишчиларга зарур нарса бу – иш қуроли. Уларнинг ўзида бундай анжомлар бўлсаку нур устига нур. Бўлмаган тақдирда ҳам марказдан ижарага олиш мумкин.
Марказ биносига ўрнатилган кондиционерлар қишда иссиқ, ёзда салқинликни таъминлайди.
Иш берувчининг кутиш давомида ишчилар маданий ҳордиқ чиқариши, таъбга кўра китоб ўқиши ёки шахмат (шашка) блан машғул бўлиши мумкин.
Шунингдек марказ меҳнат муҳофазасига оид кўргазмали қуроллар билан таъминланган.
Бир сўз билан айтганда зарур шароитлар яратилган.