ЙИЛЛИК МЕҲНАТ ТАЪТИЛЛАРИНИ БЕРИШ ТАРТИБИНИ БИЛАСИЗМИ?
Йиллик меҳнат таътилига нималар киради ?
Барча ходимларга, шу жумладан ўриндошлик асосида ишлаётган ходимларга, дам олиш ва иш қобилиятини тиклаш учун иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда йиллик меҳнат таътиллари берилади. Ходимларга 15 иш кунидан кам бўлмаган 48 иш кунидан кўп бўлмаган муддат билан йиллик меҳнат таътили берилади.
Йиллик меҳнат таътиллар асосий, узайтирилган ҳамда қўшимча таътиллардан иборат бўлиши мумкин. Йиллик аосий таътилларнинг энг кам муддати 15 кун ҳисобланади.
Қуйидагиларга ходимларга ёши ва соғлиғи ҳолатини ҳисобга олиб, йиллик узайтирилган асосий таътил берилади:
18 ёшга тўлмаган шахсларга — 30 календарь кун;
ишлаётган I ва II гуруҳ ногиронларига — 30 календарь кун.
Айрим тоифадаги ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларининг ўзига хос жиҳатлари ва хусусиятларини ҳамда бошқа ҳолатларни эътиборга олиб, қонун ҳужжатларига мувофиқ узайтирилган таътиллар белгиланади.
Йиллик қўшимча таътиллар:
- меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос бўлган ишларда банд бўлган (меҳнат жараёнида соғлиғига физикавий, кимёвий, биологик ва ишлаб чиқаришнинг бошқа зарарли омиллари таъсир этадиган) ходимларга,
- оғир ва ноқулай табиий-иқлим шароитларида иш бажараётган ходимларга ва меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида, меҳнат шартномасида назарда тутилган бошқа ходимларга берилади.
Корхоналарда қўшимча таътил олиш ҳуқуқини берувчи ишлар, касблар ва лавозимлар рўйхати, таътилларнинг муддати, уларни бериш тартиби ва шартлари тармоқ келишувлари, жамоа шартномаси билан (агар улар тузилмайдиган бўлса, — касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб иш берувчи томонидан) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлайдиган меҳнат шароитларини баҳолаш услубиёти асосида белгиланади.
Меҳнат шароити ўзига хос бўлган ишлар учун, шунингдек ўта зарарли ва ўта оғир меҳнат шароити ва оғир ва ноқулай табиий-иқлим шароитларидаги иш учун қўшимча таътилнинг энг кам муддати, бундай таътилни бериш шартлари ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланади.
Йиллик таътилларнинг муддати қандай ҳисобланади?
Кўплаб ташкилотларда йиллик меҳнат таътилларини ҳисоблашда адашишади. Ваҳоланки, таътилларнинг муддати қандай иш куни (5 ёки 6 кунлик иш куни) бўлишидан қатъий назар, 6 кунлик иш ҳафтаси юзасидан календарь бўйича иш кунлари билан ҳисоблаб чиқарилади. Таътил даврига тўғри келиб қолган ва байрам (ишланмайдиган) кунлар деб ҳисобланадиган байрам кунлари таътил муддатини белгилашда ҳисобга олинмайди.
Йиллик таътилнинг умумий муддати=асосий таътил ёки узайтирилган таътил+қўшимча таътил тарзида ҳисоблаб чиқарилади.
Шу билан бирга, ҳар бир йил учун чиқариладиган Президентнинг йиллик қўшимча дам олиш кунларини бегилаш тўғрисидаги фармонларига кўра, фармонда назарда тутилган қўшимча дам олиш кунлари сони йиллик меҳнат таътилининг умумий сонидан чегириб ташлаб берилади. Бунда ходимнинг тегишли иш йилига нечта қўшимча дам олиш куни тўғри келса, шунча кун йиллик меҳнат таътилидан олиб ташланади.
Ишланган вақтга мутаносиб равишда йиллик таътиллар қандай ҳисобланади?
Таътиллар муддатини ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқаришда уларнинг муддати ҳар бир тўлиқ таътил миқдорини 12 га бўлиб, сўнг тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади. Бунда 15 календарь кунга тенг ва ундан кўп бўлган кунлар бир ой деб яхлитланади, 15 календарь кундан ками эса чиқариб ташланади.
Йиллик меҳнат таътиллари қайси вақтда берилади?
Йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун 6 ойдан кейин берилади. Иш йили календарь йилидан фарқли равишда меҳнат шартномасига биноан иш бошланган кундан эътиборан ҳисобланади.
Ваҳоланки, қуйидаги ходимлар 6 ой ўтмасдан йиллик таътил олиш ҳуқуқига эга:
аёлларга — ҳомиладорлик ва туғиш таътили олдидан ёки ундан кейин;
I ва II гуруҳ ногиронларига;
18 ёшга тўлмаган шахсларга;
муддатли ҳарбий хизматдан резервга бўшатилган ва ишга жойлашган ҳарбий хизматчиларга;
ўриндошлик асосида ишлаётганларга — асосий иш жойидаги таътил билан бир вақтда;
ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда умумий таълим мактабларида, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларида, кадрларнинг малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш институтлари ва курсларида ўқиётганларга, агар улар ўзларининг йиллик таътилларини имтиҳонлар, синовлар (зачётлар) топшириш, диплом, курс, лаборатория ва бошқа ўқув ишларини бажариш вақтига тўғрилаб олишни хоҳласалар;
технологиядаги ўзгаришлар, ходимлар сони ёки ишлар хусусияти ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ходимларга.
Қуйидаги ходимларга ёзги ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда таътил берилиши лозим:
14 ёшга тўлмаган битта ёки ундан ортиқ болани (16 ёшга тўлмаган ногирон болани) тарбиялаётган ёлғиз ота, ёлғиз онага (бева эркаклар, бева аёллар, никоҳдан ажрашганлар, ёлғиз оналарга) ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига;
I ва II гуруҳ ногиронларига;
1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга;
18 ёшга тўлмаган шахсларга;
таълим муассасаларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиётганларга;
жамоа шартномаси ва келишувида назарда тутилган бошқа ҳолларда
Йиллик асосий таътил иккинчи ва ундан кейинги иш йиллари учун календарь йил бошлангунга қадар иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқланадиган таътиллар жадвалига мувофиқ иш йилининг исталган вақтида берилади. Ходим иш берувчи билан келишиб таътиллар жадвалидаги вақтни ўзгартириши мумкин. Ходим таътил бошланишидан камида 15 кун олдин хабардор қилиниши керак. Таътил иш йили тугагунга қадар берилиши лозим.
Йиллик таътилларни қисмларга бўлиш ва ҳақ тўлаш тартиби
Ходимнинг хоҳишига кўра унинг ёзма аризаси асосида таътил бир қисми 12 иш кунидан кам бўлмаган миқдорда қисмларга бўлиб берилиши мумкин. Ишлаб чиқариш тусидаги сабабларга кўра жорий йилда таътилни тўлиқ бериш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда, ходимнинг розилиги билан таътилнинг ўн икки иш кунидан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин, шу йили ундан албатта фойдаланилмоғи лозим.
Йиллик таътиллар даври учун ходимга ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланади. Таътил учун ҳақ тўлаш энг камида таътил бошланмасидан олдинги охирги иш кунидан кечикмай амалга оширилади.
Мактаблар, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртлари, кадрларнинг малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш институтлари ва курсларининг муаллимлар таркибига биринчи иш йилида йиллик таътил уларнинг мазкур ўқув юртига ишга кирган вақтидан қатъи назар ҳақиқий ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўлаган ҳолда ёзги таътил даврида тўлиқ берилади.
Вазирликнинг ижтимоий тармоқларда бериладиган кейинги мақолаларида йиллик меҳнат таътилдан чақириб олиш, узайтириш ёки уни бошқа муддатга кўчириш, таътил олиш ҳуқуқини берадиган иш стажини ҳисоблаб чиқариш, фойдаланилмаган таътиллар учун пуллик компенсация тўлаш ва ижтимоий таътиллар тўғрисидаги қизиқ маълумотлар бериб борилади. Бизни кузатишда давом этинг!