ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ МЕҲНАТ КОДЕКСИ ИМЗОЛАНДИ!!!

29.10.2022

Меҳнат кодексининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, тадбиркорлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, аҳоли бандлигини ошириш бўйича қўшимча шароитлар тўғрисида

М А Ъ Л У М О Т

(Тақдимотни юклаш тугмаси оркали олишингиз мумкин)

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси мамлакатимизда жамият ва давлат ҳаётида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ижтимоий соҳа ва иқтисодиётни ривожлантириш, шу жумладан, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш шароитида Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилигини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини белгилайди.

Қонуннинг ишлаб чиқилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Олий Мажлис Сенати, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, Касаба уюшмалари кенгаши, иш берувчилар Конфедерацияси ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.

Қонунни қабул қилиш зарурати

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқиш қуйидаги бир қатор объектив сабаблар билан боғлиқ:

Амалдаги Меҳнат кодекси 1995 йилда қабул қилинган бўлиб, ўша даврда иқтисодиётдаги хусусий сектор улуши атиги 21 фоиз бўлган, бугунги кунда эса 83 фоиздан ошган. Яъни, иш берувчиларнинг кўп қисми хусусий секторга тўғри келмоқда. Бу эса ўз навбатида, янги меҳнат инструментлари ҳамда меҳнат муносабатлари шаклларининг кенгайиб бораётганидан далолат беради.

Янги таҳрирдаги кодексда фуқароларни меҳнат фаолиятига жалб қилишнинг янги турли шаклларининг фаол ривожланиб бориши ҳисобга олинган, иш берувчиларга, хусусан, қўшимча ишчиларни ишга жалб қилишнинг содда ва мослашувчан шаклларини танлашга имкон берувч мослашувчан иш режимларини кенг қўллаш учун ҳуқуқий асослар яратилган.

Қонуннинг мақсад ва вазифалари

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг мақсади ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларининг мутаносиблигини таъминлаш ва уйғунлаштириш асосида индивидуал меҳнат ва у билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларини тартибга солишдан иборат.

Қонун лойиҳасида сўнги қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг қонунлари (Солиқ кодекси, Фуқаролик кодекси, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги, “Касаба уюшмалри тўғрисида”ги ва бошқалар), Президент ва Ҳукуматнинг норматив ҳуқуқий ҳужжатларини ҳисобга олган ҳолда индивидуал меҳнат муносабатлари ва улар билан чамбарчас боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларини тартибга солишдаги ҳуқуқий нормалар жамланган.

Қонунни ишлаб чиқишда ўрганилган халқаро тажриба

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда тегишли халқаро ва хорижий тажриба ўрганилди ва таҳлил қилинди, жумладан:

Ўзбекистон Республикаси ХМТнинг бир қатор конвенциялари, шунингдек, иш ўринлари тўғрисидаги Глобал пакт нормалари ва Янги демографик шароитда бандлик ва ижтимоий ҳимоя тўғрисидаги резалюциялар;

Ғарбий Европа (Франция, Германия, Швеция, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия, Дания, Норвегия), Шарқий Европа (Латвия, Эстония, Польша), Осиё (Япония, Корея Республикаси), МДҲ (Россия, Қозоғистон, Беларусия, Арманистон, Озарбайжон, Молдова, Украина) давлатларининг қонун ҳужжатлари ўрганиб чиқилди ва таҳлил қилинди.

Қонуннинг таркиби ва асосий мазмуни

Таркибий жиҳатдан янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 2 қисм,
7 бўлим, 34 боб ва 581 моддадан иборат (амалдаги 294 моддани ўз ичига олади).

Умумий қисм меҳнат ҳуқуқининг барча институтлари учун фундаментал аҳамиятга эга бўлган масалаларга бағишланган бўлиб, тўққиз бобдан иборат иккита бўлимни бирлаштиради.

Махсус қисм меҳнат ҳуқуқининг алоҳида институтларига бағишланган ва қуйидаги бўлимларни ўз ичига олади: индивидуал меҳнат муносабатлари; ходимларни касбий тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш; айрим тоифадаги ходимларнинг меҳнатини тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари; ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш. Меҳнат низоларини кўриб чиқиш.

Қонундаги асосий янгиликлар:

  1. Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган ХМТ Конвенциялари асосида меҳнат ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий тамойилларини белгилаш ва аниқлаштириш;
  2. Локал актларнинг ўзаро нисбати, шунингдек, ушбу актларнинг жамоавий битимлар ва қонунчилик билан нисбатини белгилаш;
  3. Ходимнинг ҳамда иш берувчининг меҳнат ҳуқуқи лаёқатини аниқлаштириш;
  4. Меҳнат кодексининг амалдаги таҳририда назарда тутилмаган ходим ва иш берувчининг асосий ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш;
  5. Меҳнат муносабатларининг вужудга келиши учун асосларни кенгайтириш (танловдан ўтиш ва лавозимга сайлаш, ваколатли давлат органи томонидан ходимни ишга юбориш; чет эл фуқаросини ишга қабул қилишда меҳнат қилиш ҳуқуқини тасдиқлаш, сафарбарлик ва ҳоказолар);
  6. Меҳнатни оилавий мажбуриятлар билан уйғунлаштирган ходимлар меҳнатини тартибга солишда “гендер нейтраллик” тамойилини таъминлаш;
  7. Меҳнат соҳасига ижтимоий шериклик тушунчасини киритиш, унинг хусусиятларини акс эттириш, ижтимоий шерикликнинг предмети таркибини аниқлаш ва асосий тамойилларини мустаҳкамлаш, унинг регламентини белгилаш;
  8. Меҳнат жараёнларини рақамлаштириш, электрон меҳнат дафтарчаларини юритиш, меҳнат шартномаларини ягона ахборот базасида тузиш ва рўйхатдан ўтказиш механизмларини жорий этиш;
  9. Ишга қабул қилишда дастлабки синов шартларини ходимнинг лавозимига қараб табақалаштириш (ёлланган раҳбарлар учун 6 ойгача белгиланмоқда);
  10. Меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асосларни кенгайтириш, шунингдек, ходимнинг пенсия ёшига етганлиги муносабати билан иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқини чиқариб ташлаш;
  11. Ходимларнинг ўртача сонига қараб, маълум бир вақт оралиғида ходимлар сонининг режалаштирилган ёки ҳақиқий ўзгариши асосида ходимларни оммавий ишдан бўшатиш мезонларини белгилаш.
  12. Меҳнат шартномасининг ўзида назарда тутилган асослар бўйича меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкин бўлган ходимлар доирасини кенгайтириш (масофавий ишчилар, касаначилар, якка тартибдаги тадбиркорлар ходимлари, уй ишчилари);
  13. Ходимнинг иш стажига (ушбу ташкилотдаги иш стажига) қараб ишдан бўшатиш нафақасини табақалаштириш;
  14. Ходимларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш механизмини жорий этиш;
  15. Иш вақти турларини кенгайтириш: сменали иш, мослашувчан иш вақти, иш кунини қисмларга бўлиш, хизмат сафаридаги иш вақти ва бошқалар;
  16. Агар дам олиш (байрам) куни иш кунига тўғри келса, дам олиш куни байрамдан кейинги иш кунига ўтказиладиган тартибни белгилаш;
  17. Иш ҳақи қисман сақланадиган таътилни жорий этиш (СОВИД-19 пандемиясига қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишдан олинган тажрибани ҳисобга олган ҳолда) ва иш ҳақи сақланмаган ёки қисман сақланган таътилни йилига жами 6 ойгача узайтириш.
  18. Иш ҳақи тизимини, шу жумладан соатбай иш ҳақини белгилаш ва унга қўйиладиган талабларни аниқлаштириш, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилаш, иш ҳақини тўлаш тартиби ва регламентини тартибга солиш, тариф ва тарифсиз иш ҳақи тизимининг ўзига хос хусусиятлари аниқлаштириш;
  19. Меҳнат меъёрларини белгилаш ва ўзгартириш тартиби, тармоқ ва тармоқлараро миқёсда намунавий меҳнат стандартларини жорий этиш, иш берувчининг ходимларга ишлаб чиқариш стандартларини бажариши учун нормал шароитларни таъминлаш мажбуриятини белгилаш;
  20. Интизомий ҳуқуқбузарликлар содир этилганда хизмат текшируви (текшириш) ўтказиш тартиби ва муддатларини, ушбу жараёнда ходим ва иш берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, ходимни ишдан четлатиш ва унинг ўртача иш ҳақини белгиланган муддатга сақлаб қолиш имкониятини яратиш;
  21. Ходимнинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғдирадиган ишларни бажаришдан бош тортиш тартибини белгилаш;
  22. Ишлаб чиқариш таълими институтлари томонидан корхона ходимларини меҳнат бозорининг ўзгарувчан шароитлари, эгилувчан ва ҳаракатчан талабларига жавоб бера оладиган тарзда қайта тайёрлаш ва малака оширишини тартибга солиш;
  23. Айрим тоифадаги ходимлар (аёллар ва оилавий мажбуриятларни бажариш билан шуғулланувчилар, ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимлар, вояга етмаганлар, масофавий ишчилар, касаначилар, якка тартибдаги тадбиркорларда ёлланиб ишлайдиган шахслар, уй ишчилари, меҳнат шароитлари ўта оғир ва ўта зарарли ишларда ёки ноқулай иқлим шароитида ишлайдиган ишчилар, ташкилотлар раҳбарлари ва коллегиал органлар аъзолари ва бошқалар). Ушбу бўлим шунингдек, транспорт ходимлари, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари ва профессионал спортчилар, шунингдек чет эллик ишчилар меҳнатини тартибга солишнинг хусусиятларини белгилайди;
  24. Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилиши устидан назорат ва назоратни амалга ошириш ваколатига эга бўлган давлат органларининг тўлиқ доирасини аниқлаш. Ушбу бобда давлат меҳнат инспекцияси фаолиятининг тамойиллари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, турли органлар, шу жумладан инспекция, прокуратура ва бошқа давлат органлари ўртасидаги назорат масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилган. меҳнат қонунчилигини амалга ошириш;
  25. Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назорати механизмларини, шу жумладан касаба уюшмалари томонидан назоратни амалга ошириш;
  26. Жамоавий меҳнат низоларига бағишланган алохида боб киритиш, шу жумладан, якка тартибдаги ва жамоавий меҳнат низоларини ҳал қилишда медиация усули ва меҳнат арбитражи механизмларини белгилаш.

ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ МЕҲНАТ КОДЕКСИ ТАҚДИМОТИ (ЮКЛАШ)