ХАЛҚАРО МЕҲНАТ ТАШКИЛОТИ: ЎЗБЕКИСТОН ИЖТИМОИЙ АДОЛАТНИ ИЛГАРИ СУРИШ ВА МЕҲНАТКАШЛАР ҲУҚУҚИНИ ТАЪМИНЛАШДА ЮҚОРИ НАТИЖАЛАРГА ЭРИШДИ

21.02.2023


ХАЛҚАРО МЕҲНАТ ТАШКИЛОТИ: ЎЗБЕКИСТОН ИЖТИМОИЙ АДОЛАТНИ ИЛГАРИ СУРИШ ВА МЕҲНАТКАШЛАР ҲУҚУҚИНИ ТАЪМИНЛАШДА ЮҚОРИ НАТИЖАЛАРГА ЭРИШДИ

Жорий йилнинг 21 февраль куни Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамкорлигида “Ўзбекистонда ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш мақсадида муносиб меҳнатни тарғиб қилиш” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Бирлашган миллатлар ташкилотининг махсус резолюциясига мувофиқ, 2009 йилдан буён ҳар йилнинг 20 февраль куни халқаро ҳамжамиятда “Бутунжаҳон ижтимоий адолат куни” сифатида нишонланиши муносабати ташкил этилди ҳамда мамлакатимизда меҳнат муносабатларини янада такомиллаштириш, соҳага халқаро меҳнат стандартларини жорий қилиш ҳамда меҳнат қонунчилигини ривожлантириш юзасидан янги хулоса ва таклифларни ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этди.


Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раиси Т.Нарбаева, Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директорининг ёрдамчиси, Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси раҳбари Х.Коллер ва қатор халқаро ташкилотлардан 100 дан ортиқ соҳа бўйича мутахассислар, хориж мамлакатларининг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, Олий Мажлис палаталари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.


Конференция ишида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева сўзга чиқиб, мамлакатимизда сўнгги йилларда қатъий сиёсий ирода туфайли меҳнат муносабатлари соҳасида фуқаролик жамияти вакиллари, халқаро ҳамкор ташкилотлар, хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти билан кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилганини таъкидлади.
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 20 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида Янги Ўзбекистонни “ижтимоий давлат” тамойили асосида қуриш мақсад қилинаётгани, ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш эканлигини таъкидлаган эди.

Конференцияда бугунги кунда мамлакатимизда муносиб меҳнат тамойилларини илгариш суриш, ижтимоий адолатни таъминлаш, меҳнат соҳасида институтционал ва хуқуқий базани такомиллаштириш, соҳага оид халқаро стандартларни жорий этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Хусусан, имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида ҳимоя қилиш, камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда улар учун зарур барча шароитларни яратиш борасидаги давлат сиёсати янги босқичга кўтарилмоқда.


Бу жараёнда меҳнат бозорининг институтционал ва хуқуқий асосларини ривожлантириш алоҳида аҳамиятга эга. Хусусан, Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш, Камбағалликни қисқартириш ва Бандлик вазирлиги, Давлат меҳнат инспекцияси, бандликка кўмаклашиш марказлари, фуқаролик жамияти институтлари муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Шунингдек, 2019 йилдан бошлаб Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ҳамда ушбу масалалар бўйича Миллий маърузачи институти самарали фаолият кўрсатмоқда.
Таъкидланганидек, Миллий комиссия сўнгги йилларда меҳнат муносабатларини такомиллаштириш, мажбурий меҳнатга барҳам бериш ва муносиб меҳнат тамойилларини илгари суриш юзасидан халқаро такшилотлар, биринчи навбатда Халқаро меҳнат ташкилоти билан хамкорликда тизимли чоралар ишлаб чиқди ва аниқ натижаларга эришилди. Хусусан, Ўзбекистонда муносиб меҳант тамойилларини илгари суришда Халқаро меҳнат ташкилоти билан хамкорликда 2021 йилда Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган янги мамлакат дастури қабул қилинди.

 


Дастурда соҳани хуқуқий тартибга солиш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, норасмий бандликни қисқартириш каби каби масалаларига алоҳида эътибор қаратилганлиги қайд этилди.–Бугун халқаро хамжамият Ўзбекистондаги ислоҳотларга юқори баҳо бермоқда, айниқса, бу борада меҳнат тизимидаги ўзгаришлар ўзининг натижадорлиги билан ажралиб туради, – деб таъкидлади Халқаро меҳнат ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий бюроси директори Х.Коллер.


Шунингдек, тадбир иштирокчилари томонидан Ўзбекистонда ижтимоий адолатни илгари суриш, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳаётга мослаштириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ижтимоий реабилитация қилиш ҳамда меҳнаткашлар ҳуқуқини таъминлашда эришилган ютуқлар юксак баҳоланди ҳамда ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича амалга оширилаётган ишлар халқаро стандартлар асосида шаклланганлиги эътироф этилди.
Тадбирда Халқаро меҳнат ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий бюроси директори Х.Коллер, Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича бюроси директори О.Кулаева, ва қатор халқаро ташкилотларнинг мутахассислари ҳамда хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари вакиллари томонидан соҳани такомиллаштириш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Иш берувчилар Конфедерацияси вакилларининг фикрлари тангланди.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан Ўзбекистонда ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш ва муносиб меҳнат тамойилларини илгари суриш юзасидан янги қўшма чоралар ишлаб чиқишга келишиб олинди.