“WorldSkills Russia” билан ҳамкорликда Ўзбекистонда “WorldSkills International” стандартларига жавоб берувчи малакани баҳолаш марказлари ҳамда малакани мустақил баҳоловчи тизим ишга тушади
“WorldSkills Russia” билан ҳамкорликда Ўзбекистонда “WorldSkills International” стандартларига жавоб берувчи малакани баҳолаш марказлари ҳамда малакани мустақил баҳоловчи тизим ишга тушади.
Ўзбекистон ва Россия Ҳукуматлари ҳамкорлигида меҳнат миграцияси тизимини янада такомиллаштириш масалалари бўйича ўтказилаётган Бухоро анжуманининг иккинчи куни – 13 ноябрда айни масалалар муҳокама этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов ҳамда Россия меҳнат ва бандлик федерал хизмати раҳбари Михаил Иванков бошчилигидаги масъуллар, “WorldSkills Russia” вакиллари иштирок этди.
“WorldSkills International” стандартлари бўйича берилган сертификат меҳнат мигрантлари учун хориж давлатларида талаб юқори бўлган ва муносиб ҳақ тўланадиган ишларга жойлашиш имкониятини яратади. Содда қилиб айтганда, бу сертификат ишчининг ўз касбини ҳақиқатан яхши билишини тасдиқловчи халқаро ишонч ёрлиғи ҳисобланади. Хорижий иш берувчилар томонидан яхши иш таклиф этилиши учун биргина шу сертификатнинг ўзи кифоя.
Учрашув давомида Ўзбекистонда мазкур ўқув марказини ташкил этиш ва малакани мустақил баҳоловчи тизимни ишга туширишда “WorldSkills Russia” тажрибасидан фойдаланиш ва бу йўлда бевосита ҳамкорлик қилиш масалалари хусусида фикр алмашилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг декабрь ойи Тошкентда “WorldSkills International” стандартларига мувофиқ ишчи касблар бўйича Тошкентда биринчи очиқ мусобақа ўтказилиши кутилмоқда.