Вазир Шерзод Кудбиев XII Остона иқтисодий форуми доирасидаги халқаро анжуманларда иштирок этди
2019 йил 16 май Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев Қозоғистон Республикаси Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтаётган XII Остона иқтисодий форуми доирасидаги қатор халқаро анжуманларда иштирок этди.
Хусусан, куннинг биринчи ярмида “Экспо” Конгресс-марказида Қозоғистон Республикаси Президенти иштирокида ўтказилган Остона иқтисодий форуми ялпи мажлисида қатнашди. Мажлисда Қозоғистон Республикаси биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев, Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи-директори Кристин Лагард, Арманистон Президенти Мамука Бахтадзе, Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши раҳбари ўринбосари Хань Чжэн, Сбербанк ПАО бошқармаси раиси Герман Греф, Nokia Corporation директорлар Кенгаши раиси Ристо Сииласмаа, иқтисод бўйича Нобель мукофоти совриндори Пол Ромер маъруза қилди.
Куннинг иккинчи ярмида Халқаро меҳнат ташкилоти 100 йиллигига бағишлаб ўтказилган халқаро конференцияда вазир Шерзод Кудбиев асосий спикер сифатида иштирок этиб, “Меҳнат соҳаси истиқболи” мавзусидаги ялпи сессияда Ўзбекистоннинг Халқаро меҳнат ташкилоти билан фаол ҳамкорлик алоқалари, ўтган йиллар давомида меҳнат соҳаси бўйича Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар ва эришилган натижалар ҳақида тўхталиб ўтди.
Конференция ишидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев билан Қозоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазири Бердибек Сапарбаевнинг икки томонлама учрашуви ўтказилди. Учрашув давомида томонлар ҳамкорликка доир муҳим масалаларни муҳокама қилди.
Куннинг муҳим воқеаларидан яна бири Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Қозоғистон Республикасида меҳнат қилаётган, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган мигрантлар меҳнат фаолияти ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикасида меҳнат қилаётган, Қозоғистон Республикаси фуқаролари бўлган мигрантлар меҳнат фаолияти ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Битимни амалга ошириш бўйича 2019-2020 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси”ни имзолаш маросими бўлди. Мазкур ҳужжат икки давлат ўртасидаги меҳнат муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солишда ҳамкорликни кучайтиришда замин яратади.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиевнинг XII Остона иқтисодий форуми доирасидаги ташрифи давом этмоқда.