Вазир Беҳзод Мусаев Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ким Хи Санг билан учрашди.

28.02.2023

Вазир Беҳзод Мусаев Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ким Хи Санг билан учрашди.

Унда Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг (КОИCА) Корея методологияси асосида Касб-ҳунарга ўқитиш марказларини ташкил этиш бўйича қиймати 40 миллион доллардан ортиқ грант лойиҳасини амалга ошириш юзасидан олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Бугунги кунда бундай марказлар Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз ва Фарғонада фаолият кўрсатмоқда. Жорий йил апрел ойида Урганч шаҳрида ҳам марказни ташкил этиш ишларини бошлаш учун "тамал тоши" қўйиш маросими бўлиб ўтади. Шунингдек, келгусида Ўқитувчилар малакасини ошириш институти ва Малакани баҳолаш маркази ташкил этилади.

 

Кореяда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ўзбекистонлик мутахассисларни жалб қилишни ташкил этишда ижобий динамика қайд этилди.

Жорий йилда Корея томони ўзбекистонлик мутахассисларни ишга қабул қилиш квотасини 5,4 минг кишига етказди, бу ўтган йилга нисбатан қарийб икки баробар кўпдир.

Ўз навбатида, жаноб Ким Хи Санг Кореяда ишга жойлашиш учун корейс тилини тегишли даражада биладиган малакали мутахассисларни тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни давом эттириш тарафдори эканлигини билдирди.
Бу йўналишдаги ҳамкорлик ишларнинг самарадорлиги ва изчиллигини таъминлаш мақсадида томонлар меҳнат муносабатларини тартибга солувчи икки мамлакат вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидладилар.