ЎЗБЕКИСТОНДА ИШСИЗЛИК ДАРАЖАСИ 8,8 ФОИЗНИ ТАШКИЛ ЭТДИ
Ўзбекистонда 2022 йилнинг январ-июн ойларида ишсизлик даражаси 8,8 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0,9 фоизга камайди.
2022-йилнинг июн ойида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Меҳнат бозори тадқиқотлари институти томонидан республикамизнинг 108 та шаҳар ва туманларида навбатдаги ижтимоий сўров ўтказилди. Халқаро меҳнат ташкилоти тавсиялари асосида ўтказилган тадқиқот давомида 500 та ўзини-ўзи бошқариш органлари, 5,0 минг та уй хўжаликлари ҳамда 26,5 минг нафар фуқаролар қамраб олинди.
2022-йилнинг 1-июн ҳолатида меҳнат ресурслари сони 19 453,3 минг кишини ташкил этиб, 2021-йилнинг шу даврига нисбатан 100,8 фоизга ёки 153,7 минг кишига ошган.
Иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганлар сони 13 773,6 минг кишини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,9 фоизга ёки 261,3 минг кишига ошган.
2022-йилнинг 1-июн ҳолатида расмий секторда банд аҳоли сони 6 074,4 минг кишини ташкил қилиб, 2021-йилнинг шу даврига нисбатан юридик шахсларда банд бўлганлар сони 4,1 фоизга ёки 240,6 минг кишига ошгани кузатилди.
Норасмий секторда банд бўлганлар сони 5 690,3 минг кишини ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 8,2 фоиз ёки 507,5 минг кишига камайган.
Бунда асосан, норасмий тарзда фаолият кўрсатаётган фуқароларнинг ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиши ҳамда бўш турган ерларни экин майдонлари сифатида деҳқон хўжаликларини ташкил қилиш учун ажратиб берилиши ҳисобига эришилган.
Шунингдек, хорижий давлатларга ишлаш учун кетганлар 2008,8 минг кишини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 528,2 минг кишига ошиши норасмий бандларни камайишига сабаб бўлган.
Ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1 326,6 минг кишини, ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳоли орасида 8,8 фоизни ташкил этди. 16-30 ёшгача бўлганлар орасида ишсизлик даражаси
14,5 фоиз, аёллар орасида ишсизлик даражаси эса 12,8 фоиз бўлди.
2022-йилнинг 1-июл ҳолатида республикамизда иқтисодий нофаол аҳоли 4 353,2 минг кишини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,9 фоизга ёки 38,8 минг кишига ортиши кузатилди.
Бунда, ишлашни хоҳламайдиган ёки дарҳол ишга жойлашишга имконияти йўқлар ўтган йилга нисбатан 183,6 минг кишига камайган бўлса, ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқиётган талабалар ҳамда туғруқ таътилидаги аёллар сони 222,4 минг кишига ошган.