Ўзбекистон Марказий Осиё ва Россия Федерацияси учун COVID-19 пандемиясининг меҳнат мигрантларига ижтимоий-иқтисодий оқибатларини юмшатиш бўйича минтақавий лойиҳанинг иштирокчиси бўлди
Жорий йилнинг 16 сентябрида видеоконференция шаклида «Мигрантлар ва жамиятлар учун COVID-19 пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини юмшатиш» лойиҳасини ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.
Лойиҳа Халқаро Миграция Ташкилотининг (ХМТ) Марказий Осиё бўйича субминтақавий мувофиқлаштириш идораси ва Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Россиянинг тегишли вазирлик ва идоралари ўртасида Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг (SDC) 1 миллион швейцария франки миқдорида маблағлари ҳисобига амалга оширилмоқда.
Лойиҳанинг мақсади COVID-19 пандемиясининг мигрантлар ва жамиятларга салбий ижтимоий-иқтисодий оқибатларини камайтиришга ёрдам бериш, шу жумладан заиф қатламдаги мигрантларни қайтариш ва уларнинг интеграциялашувига кўмаклашиш, шунингдек глобал пандемия шароитида Марказий Осиё давлатлари ва Россия Федерацияси ҳукуматларига меҳнат миграциясини бошқаришнинг амалий вазифаларини ҳал қилишда ёрдам беришдир.
Лойиҳада қуйидагилар кўзда тутилган:
- миграция билан боғлиқ маълумотларни йиғишнинг инновацион воситалари ва механизмларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
- заиф қатламдаги мигрантларни ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам кўрсатиш салоҳиятини кучайтириш;
- маслаҳат бериш ва ишга жойлашиш имкониятларидан фойдаланиш бўйича ёрдамни таъминлаш;
- энг заиф қатламдаги мигрантларга гуманитар ёрдам;
- мигрантларнинг молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва пул ўтказмалари тизимларини рақамлаштириш.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ўринбосари Баҳодир Умрзоқов Ўзбекистоннинг давлат сиёсатини амалга оширишда уюшган, хавфсиз меҳнат миграциясини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш устувор йўналиш эканлигини таъкидлади.
«Ишончим комилки, ХМТ ва халқаро ҳамжамиятдаги шерикларимизнинг кўмаги билан биз биргаликда COVID-19 нинг меҳнат мигрантларига салбий таъсирини камайтириш бўйича самарали чораларни кўрамиз», деди вазир ўринбосари.
Шунингдек, Б. Умрзоқов яқинда қабул қилинган «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори мазмуни тўғрисида маълумот берди.
ХМТнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий координатори Зейнал Гажиев Президент томонидан қабул қилинган қарорни мамнуният билан кутиб олди ва яқин келажакда бундай ҳужжатлар минтақанинг барча давлатлари томонидан қабул қилинишига умид билдирди.